Россия Федерацияси Ҳукумати пандемия туфайли баҳордан бери амалда бўлиб келаётган чекловларни спортчилар ва мураббийлар учун бекор қилди. Бош вазир Михаил Мишустин бу ҳақдаги қарорни имзолади.

Коронавирус инфекцияси тарқалганлиги туфайли Россия ҳудудига бошқа чет эллик фуқаролар қаторида спортчилар ҳам кела олмаётганди, деб хабар беради Российская газета. Май ойида спортнинг аста-секин тикланиши ўрнатилган тартибнинг бир оз енгилашишига олиб келганди. Чекловлар биринчи бўлиб Россия билан амалдаги меҳнат шартномаси борлар учун бекор қилина бошлади.

Энди чет эллик спортчилар, мураббийлар ва жисмоний тарбия соҳасидаги мутахассислар мамлакатга ишчи ва гуманитар визаларга асосан кириб келиши мумкин. Қарор билан улар учун автомобиль ва темир йўллари, ҳамда бошқа ўтказиш пунктлари орқали кириб келиш имкони пайдо бўлди.

Ушбу қарор, шунингдек, халқаро, жумладан профессионал спорт мусобақаларида қатнашувчилар учун ҳам чегарадан ўтишни енгиллаштиради.