Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати томонидан спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқдаки, бу ўз навбатида, спортчиларнинг жисмоний ҳолати ва муваффақиятга эришишида тиббиёт ходимлари зиммасига ҳам катта вазифалар юклайди. Қолаверса, бу жараён спорт тиббиёти соҳаси вакилларидан ўз устида тинимсиз ишлаш, изланиш ҳамда малакасини оширишни талаб қилади.
Шу мақсадда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази томонидан спорт тиббиёти ходимлари – спорт шифокорлари, диетологлар, спорт психологлари ва спорт фармакологлари касбий маҳоратларини мустаҳкамлаши учун шу йил 28 февралдан 4 мартга қадар ўқув-семинар курслари ташкил этилди.
28 февраль куни иштирокчиларга спорт ва тикловчи тиббиёт асослари ҳамда антидопинг назорати ҳақида маърузалар ўқиб эшиттирилди. Спорт шифокорлари назарида антидопинг қоидалари, допингдан фойдаланишнинг салбий оқибатлари, спорт реабилитациясида физиотерапиянинг қўлланилиши, спортчиларни медикаментоз ва номедикаментоз ҳамда физиотерапевтик даволаш усулларига бағишланган маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
1 март кунги ўқув-семинарда спорт диетологиясига бағишланган маърузалар тингланди. Бунда иштирокчиларга спортчиларнинг жисмоний машғулотлар даврида овқат ҳазм қилиш физиологияси, нормал овқатланиш, тўғри овқатланишдаги бузилишлар мавзусида маърузалар ўқиб эшиттирилди. Шу билан бир қаторда, рационал овқатланиш – оғир жисмоний зўриқишга мослашиш ва тикланиш учун кучли восита, спортчиларда қувват мувозанати, қувват сарфини аниқлаш ва ҳақиқий овқатланишни баҳолаш, қувват, макро ва микроелементлар, биологик фаол моддаларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ тўлдириш ва организмнинг сув балансини сақлаб туриш билан спортчининг овқатланишини шакллантириш машғулот жараёнини ташкил этишнинг муҳим талаблари хақидаги маърузалар ҳам тақдим этилди.
Семинарда юқори малакали, илмий унвонга эга бўлган мутахассислар маъруза ўқимоқда. Ўқув-семинар курслари тугаганидан сўнг иштирокчиларга сертификат тақдим этилади.