Биргина спорт соҳасини олайлик. Йил бошидан буён Президентимиз жисмоний тарбия ва спорт соҳаси, соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга доир 2 та фармон, 5 та қарор имзолади, икки марта видеоселектор йиғилиши ўтказди, Олимпия шаҳарчаси қурилиши лойиҳаси билан танишди. Жойларга ташрифлари чоғида ҳам халқимизни оммавий спортга жалб қилиш масаласи доимий эътиборда турди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 67-мақсадида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқаролар сонини ошириш кўзда тутилган. Буларнинг бари жам бўлиб, мамлакатда соғлом тараққиётга катта сиёсат даражасида эътибор қаратилаётганини англатади.
Президентимиз раислигида шу йил 23 май куни спортни оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши эса, тизимдаги камчиликларни рўй-рост кўрсатиб, янги ислоҳотлар даврини бошлаб бериши билан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таъбир жоиз бўлса, мазкур йиғилишда белгилаб берилган вазифалар Президентимизнинг жорий йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти билан ғоят уйғун ва мазкур ҳужжат билан амалга оширилиш зарур бўлган чора-тадбирларни мантиқан тўлдирувчи аҳамият касб этади.
Масалан, қарорда уч ва беш босқичли мусобақалар ўтказиш кўзда тутилган бўлса, йиғилишда ҳар бир маҳаллада апрель-июнь ва сентябрь-декабрь ойларида мусобақалар ўтказиш ва уларда яхши натижа кўрсатган ёшларни электрон рўйхатга киритиш вазифаси қўйилди.
Президентимизнинг спортни оммалаштириш борасида билдирган танқидий фикрлари ва жонкуярлигидан шундай хулосага келдикки, ҳар биримиз ўзимизни қийнаб, соҳага янгича ёндашувларни жорий қилишимиз керак.
Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги спорт таълими бундан 30 йил олдинги дастурлар асосида қотиб қолган. Замонавий илмий ёндашувлар керак. Бусиз кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Шундай экан, соҳа олимлари, профессор-ўқитувчилар спорт таълимига янги ҳаво олиб кириши ниҳоятда зарур. Биз ҳозир шу мақсадлар йўлида аниқ режалар тузишга киришганмиз. Тез кунларда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Илмий изланишлар самарадорлигини кучайтиришга киришилади.
Йиғилишдаги эътиборли яна бир жиҳат шундаки, энди спортчини ҳам, унинг мураббийини ҳам рағбатлантириш тизими жорий этилади. Бу барча учун бирдек манфаатли тизим бўлишига шубҳа йўқ. Чунки, энди маҳалладаги мусобақаларда яхши натижа кўрсатган спортчи-ёшлар махсус электрон рўйхатга киритилади, улар ҳудуддаги спорт мактабида бепул шуғулланиб, кутилган натижа кўрсатган спортчиларнинг мураббийлари ҳам муносиб рағбатлантириб борилади.
Спорт бўйича яхши натижа кўрсатган маҳаллалар ҳам янада обод бўлади. Гап шундаки, бундай маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Йил якунигача 508 та маҳаллада кўп фукнцияли спорт майдончалари қурилади. Мана кўряпсизми, спортнинг ҳаётий эпкини энди маҳаллаларга, ҳар бир хонадонга кириб боради.
Яна бир янгилик шундаки, эндиликда умумреспублика спорт мусобақалари “туман – вилоят – республика” занжири асосида ташкил этилади. Бунда асосий эътибор қуйидагиларга қаратилади:
- бирламчи саралаш босқичидан ўтмаган спортчилар вилоят ва республика босқичида иштирок этмайди;
- миллий терма жамоаларга барча босқич мусобақаларида иштирок этиб ғолиб ёки совриндор бўлган ёшлар саралаб олинади;
- ҳар йили маҳалла ва муассасалар жамоалари иштирокида кўп босқичли Ҳоким кубоги ташкил қилинади.
- халқаро тажриба ва стандартлар асосида спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар ўтказиш тартиби ишлаб чиқилади.
Президентимиз, шунингдек, ёшларни Олимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича ҳам янги тизимга асос солиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Эндиликда ёшларни профессионал спортга қамраб олиш ёшида ҳам ўзгаришлар бўлади. Масалан, спорт йўналишида коллежлар Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази сифатида қайта ташкил этилади. Бу марказлар 5-9 синфлар учун олимпия мактаби, 10-11-синфлар ҳамда 1-2-курслар учун Олимпия ва паралимпия коллежи бўлиб хизмат қилади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузурида илғор тренер ва хорижий экспертлардан иборат Мураббийлар кенгаши тузилиб, мусобақаларда энг юқори натижага эришган ёшларни коллежларга саралаб олади. Коллеж битирувчилари эса келгусида Олий спорт маҳорати институтига қабул қилинади. Шу тариқа, профессионал спортчилар тайёрлашнинг узлуксиз тизими яратилади.
Бир сўз билан айтганда, спортни оммалаш ва иқтидорли спортчиларни кашф қилиш, уларни катта спорт майдонига олиб чиқиш борасида янги ислоҳотлар даври бошланмоқда. Бунда маҳалладан тортиб Олимпия ҳаракатигача бўлган йўл тубдан қайта кўриб чиқилади, ривожланган мамлакатлар тажрибаси жорий қилинади.
Азизхон Тиллахўжаев,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Спортни бошқариш ва туризм факультети декани