Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида трансплантация амалиёти ўтказилган бир гуруҳ фуқароларнинг тўплангани акс этган видеолавҳа тарқалди. Маълум бўлишича, беморлар операциядан сўнг мунтазам қабул қиладиган дори воситалари етказиб берилишида узилишлар бўлаётгани, борлари ҳам дорихонларда қиммат нархда сотилаётгани боис бу масала юзасидан ўз эътирозларини билдирган. Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев дарҳол ушбу фуқаролар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Маълумки, ҳозирги кунда юртимизда буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган 1500 нафардан ортиқ бемор рўйхатда бўлиб, уларга керакли дори воситаларининг ўз вақтида етказиб берилиши қатъий назоратга олинган ва етарли даражада дори захиралари шакллантирилган. Бироқ айрим тоифадаги беморларга тавсия этилган препаратларнинг бир қисми хориждаги нуфузли фармацевтика компаниялари томонидан ишлаб чиқарилиши боис бундай препаратларни юртимизга олиб келишда вақтинчалик қийинчиликлар кузатилмоқда. Учрашув давомида вазир мазкур муаммони зудлик билан ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга шошилинч кўрсатмалар берди.
Хусусан, ушбу масалага тезкор ечим топиш мақсадида вазирликда махсус штаб ташкил этилиб, унинг таркибига тегишли мутахассислар, жумладан, вазирлик бош нефрологи, нефрология маркази шифокорлари, фармакологлар, иқтисодчилар киритилди. Штаб томонидан беморларга зарур дори воситаларининг ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш бўйича муддат масалаларини ҳал этиш, дори харидлари юзасидан фармацевтика компаниялари билан мулоқот қилиш ва бу орқали муаммоларга самарали ечим топиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, учрашувда беморларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда иммунологик таҳлилларни топширишга мўлжалланган махсус лабораториялар ташкил этилиши ва биокимёвий анализаторлар ўрнатилиши масаласи ҳам ижобий ечим топиши таъкидланди. Бундан ташқари, 1500 нафардан ортиқ беморга қандай дори препаратлари қанча миқдорда зарурлиги бўйича рўйхат шакллантирилиши, уларни харид қилишнинг қисқа ва узоқ муддатли механизми яратилиши белгиланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати.