Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Бугун соғлиқни сақлаш тизимида кечаётган кенг кўламли трансформация жараёнлари соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, бу орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамровини янада оширишга қаратилган.
Хусусан, сўнгги етти йил давомида тиббиёт йўналишида хусусий сектор улушини ошириш, нодавлат тиббиёт муассасалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.
Тиббиётнинг нодавлат секторида ихтисослик турлари 50 тадан 225 тага кўпайди. Солиқ ва божхона имтиёзлари 2024 йил якунига қадар узайтирилди.
Шунингдек, хусусий шифохоналарнинг тиббиёт ихтисосликлари бўйича лицензия олишига имкон яратилди.
2 308 та амбулатор ва 421 та стационар шароитда фаолият олиб борадиган янги хусусий шифохоналар ташкил этилди.
3 704 та мавжуд нодавлат клиникалар янги тиббий ихтисослик ҳисобига ўз фаолиятларини кенгайтирди.
Таъкидлаш лозимки, айни пайтда юртимиздаги барча тиббиёт муассасаларида ташкил этилган ўрин-жойларнинг 35 фоизи хусусий сектор улушига тўғри келмоқда.