Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Дунё тажрибасида тез тиббий ёрдам хизматидаги автотранспорт воситаларини ишлатиш муддати ўртача 5-8 йилни ташкил этади. Таъкидланишича, юртимизда ҳам фойдаланилаётганига 8 йилдан ошган машиналарни янгилаш лозимлиги белгиланган.
Шу сабабли “103” хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда. Бугунги тадбир эса бу ишларнинг амалий ифодаси бўлиб, йил якунига қадар яна 610 дона ана шундай транспорт воситалари ҳудудларга етказиб берилиши режалаштирилган.
Жорий йил январь ойида Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки юртимизда ишлаб чиқарилган 110 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланди. Шунингдек, март ойида “Jizzakh Auto” томонидан йиғилган бу турдаги автомобилларнинг яна 117 донадан иборат навбатдаги партияси ҳудудларга тақдим этилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бешинчи авлод А тоифали “Volkswagen Caddy” мутлақо янги MQB платформасида ишлайди. Улар 1,6 МPI атмосферали мотор билан жиҳозланган бўлиб, 6 поғонали механик узатмалар қутиси ва 110 от кучига эга.
100 километр масофага автомобиль аралаш циклда 7 литр ёнилғи сарфлайди. Энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради.
Шунингдек, улар шаҳар ичида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиб, ўтувчанлиги, ишончлилиги ҳамда тежамкорлиги билан ажралиб туради. Энг муҳими, бу автомобилларда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин.