Швеция пойтахтига 2025 йилдан бензин ва дизелда юрадиган автомобиллар кириши тақиқланиши маълум қилинди. Шаҳар расмийлари бу қарорни ҳаво сифатини яхшилаш ва транспорт шовқинини камайтириш мақсадида қабул қилди, деб ёзмоқда хориж манбасига таяниб Газета.уз.

Швециянинг Стокгольм шаҳри раҳбарияти ҳаво сифатини яхшилаш ва шовқинни камайтириш мақсадида шаҳар марказида бензин ва дизель ёнилғиси билан ишлайдиган автомобиллар ҳаракатини тақиқлаш режаларини эълон қилди. 2025 йилдан бошлаб пойтахтнинг асосий молия ва савдо марказлари жойлашган 20 блокли ҳудудида фақат электр транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади.

— Бугунги кунда Стокгольмдаги ҳаво ёмонлашиши чақалоқларда ўпка касалликларига, қарияларда эса бевақт ўлимга сабаб бўлмоқда. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, — деди Стокгольм мэрининг транспорт бўйича ўринбосари Ларс Стромгрен.

Экологик зонада истиснолар гибрид двигателли йирик фургонлар, расмий функцияларни бажарадиган транспорт воситалари (масалан, тез тиббий ёрдам машиналари), шунингдек, эгалари ногиронлиги ҳақида ҳужжатлаштирилган транспорт воситаларига нисбатан қўлланади.

Европанинг бир қатор бошқа шаҳарларида ҳам ҳаво ифлосланишига қарши кураш чоралари кўрилди, бироқ Швеция пойтахти бу борада “олдинда кетмоқда”, деб ёзади нашр. Париж, Афина ва Мадридда дизелли автомобиллар тақиқланган, Лондонда эса ультра паст эмиссия зонаси (ULEZ) мавжуд бўлиб, у ерга кириш учун юқори радиация чиқарадиган автомобиль эгалари пул тўлайди.