Истеъмолчининг маълум қилишича, у Навоий шаҳрида жойлашган “Xurshid dent” хусусий клиникасида 3 миллион сўмга тиш қўйдирган ҳамда даволатган, аммо орадан икки ой ўтгач, қўйилган тишлар яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шу боис фуқаро сифатсиз қўйилган тишлар учун тўлаган пулини қайтариб олишда ҳуқуқий ва амалий кўмак сўраган. Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида истеъмолчининг сифатсиз тишлар учун тўлаган 3 миллион сўми қайтарилишига эришилди.
Шундай мурожаатлардан яна бирини Вобкент туманида яшовчи фуқаро Ф.Рустамов йўллаган. Унда қайд этилишича, истеъмолчи Вобкент тумани марказий бозорида фаолият юритаётган тадбиркордан 3 миллион 750 минг сўмга буюртма асосида ошхона мебеллар тўпламини харид қилади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мебеллар носоз холатга келиб қолади. Фуқаро бу борада тадбиркорга бир неча марта арз қилишига қарамасдан, ҳеч қандай самара бўлмаган. Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида қисқа муддатда ошхона мебели таъмирлаб берилди.
Шунингдек, Тўрткўл туманида яшовчи фуқаро Ю.С ҳам ўз мурожаатида туманда жойлашган «BLACKWOOD» МЧЖ корхонасига 16 миллион сўмлик 13 та пластик дераза ҳамда 4 та пластик эшикка буюртма берганини, эшик ва деразалар ўрнатилганидан кейин носозлиги маълум бўлгани, тадбиркор эса турли баҳоналар қилиб носоз эшик ва деразаларни алмаштириб беришдан бош тортганини маълум қилган. Ўрганиш натижасида сифатсиз пластик эшик ва дераза ромлари янгисига алмаштирилишига эришилди, дея хабар бермоқда федерация матбуот хизмати.