“Street Law” лойиҳаси 1972 йилда Америка Қўшма Штатларида вужудга келган. Унинг ташаббускорлари Жоржтаун университети Ҳуқуқ маркази профессорлари бўлган.

Уларнинг фикрича, юридик университет талабалари профессорлардан ўрганган ҳуқуққа доир билимларини мактабларга бориб ўқувчиларга улашишлари керак эди. Ҳозир ушбу лойиҳа дунёнинг 45 та мамлакатида амал қилмоқда.

“Street Law” лойиҳаси мамлакатимизда расман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилдаги фармонига асосан жорий этилган.

Лойиҳанинг ғояси шуки, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида жойлашган 14 та юридик техникумнинг волонтёр талабалари мактабларга бориб, ўқувчиларга ҳуқуқий мавзуларда дарс беради.

Уларга профессор-ўқитувчилар услубий кўмак бериб боради. Бу фаолият волонтёрлик асосида олиб борилади. Ҳеч ким ушбу лойиҳага мажбурий жалб этилмайди. Мактабларда дарслар интерактив методларга асосланган ҳолда олиб борилади.

Катта ҳаётга қадам қўяётган ўқувчиларнинг ўз ҳуқуқларини билиши, бошқаларнинг ҳуқуқларини эса ҳурмат қилишга ўрганишлари келажакда жамиятмизда юксак ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлган ҳамда фуқаролик позициясига эга авлоднинг шаклланишига замин яратади.

“Street Law” лойиҳаси дарслари ҳуқуқнинг барча соҳаларини қамраб олмаган. Дарс мавзулари кундалик ҳаётда кўп дуч келинадиган масалаларга бағишланган. Бу инсон ҳуқуқлари, истеъмолчи ҳуқуқлари, вояга етмаганларнинг меҳнатга доир ҳуқуқлари, вояга етмаганларнинг оиладаги ҳуқуқлари, вояга етмаганларнинг жинояти учун жавобгарлик, коррупцияга қарши курашиш, экологияга эҳтиёткорона ва ҳайвонот дунёсига инсоний муносабатда бўлиш билан боғлиқ мавзулардир. Бундан асосий мақсад ўсмир ёшдаги шахсларнинг кундалик ҳаётда тез-тез дуч келиб турадиган ҳуқуқий масалаларда ўзлари ечим топа олишларига эришишдир.

Лойиҳа Ўзбекистонда расман 2019 йилда жорий этилган бўлса, 2021 йилда республика миқёсига олиб чиқилди. Ҳар йили лойиҳада иштирок этишни истаб мурожаат қилаётганларнинг сони ошиб бормоқда.

“Street Law” лойиҳасида иштирок этиш орқали волонтёрлар мактабларда шунчаки ҳуқуқий билим бериш билан чекланмайди. Балки бу орқали уларда келажакдаги касбий фаолиятлари учун зарур бўлган ҳаётий кўникмалар шаклланиб боради. Мазкур кўникмалар сирасига ўзига ишонч, танқидий фикрлаш, ўзганинг ҳолатини ҳис этиш (эмпатия), самарали мулоқот, вазиятга мослашувчанлик, стрессни енгиш, лидерлик, жамоада ишлаш, жавобгарликни ҳис этиш, креативлик, вақтни тўғри ва самарали бошқаришни мисол қилиб келтириш мумкин.

Шунингдек, лойиҳада иштирок этиш орқали волонтёрларда ҳуқуқни, қонунни халқчил, содда тилда тушунтириб бериш кўникмаси шаклланади.

2020-2021 ўқув йилида Тошкент давлат юридик университети томонидан Тошкент шаҳри миқёсида олиб борилган “Street Law” лойиҳасида 86 нафар талаба-волонтёр, 20 нафар профессор-ўқитувчи иштирок этди. Лойиҳа Тошкент шаҳрининг 15 та мактабида олиб борилди ва унда жами 900 нафар ўқувчи қамраб олиниб, уларга 196 та лойиҳа дарси ўтказилди.

Юридик техникумлар томонидан олиб борилган лойиҳада жами 469 нафар волонтёр-ўқувчи, 66 нафар профессор-ўқитувчи иштирок этди. Бунда, лойиҳа Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ва туманларида жойлашган жами 116 та мактабда жорий этилди. Уларда жами 7190 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этди. Улар учун жами 415 та лойиҳа дарси ўтказилди.

Жамиятда “Street Law” лойиҳасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ташкил этилди, лойиҳа ҳақида тасаввурни шакллантириш, лойиҳанинг волонтёрлар ва мактаб ўқувчиларига фойдали жиҳатларини етказиб беришга қаратилган видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали оммалаштирилди.

Ботиржон ҚОСИМОВ,

Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси,

 “Street Law” лойиҳаси координатори