Унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига Президент Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш ҳолати, шунингдек, Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар, хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун ва Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш масалалари муҳокама қилинди.

Мажлисда 2021 йилнинг тўққиз ойи давомида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати бўйича маълумот берилди.

Хусусан, аҳоли мурожаатлари учта гуруҳга ажратилган ҳолда, шу жумладан кўтарилган масалаларни ҳал этиш, ўз вақтида кўриб чиқиш ва такрорий мурожаатлар олдини олиш кўрсаткичлари бўйича ўрганилган.

Муҳокамада келиб тушган мурожаатлар сони 20 тадан 300 тагача бўлган ташкилотларнинг таҳлилий натижаларига кўра учта кўрсаткич самарадорлиги бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ўтган 6 ойга нисбатан 10 фоизга камайиб, тизимда мурожаатлар билан ишлаш етарли даражада ташкил қилинмаганлиги танқид қилинди.

Мурожаатлар 300 тадан 3 000 тагача бўлган ташкилотларнинг таҳлилий натижаларига кўра самарадорлик Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази 16 фоизга, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 9 фоизга ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги тизимида 8 фоизга камайгани, мурожаатлар 3 000 тадан ортиқ бўлган ташкилотларнинг таҳлилий натижаларига кўра Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 10 фоизга ҳамда Молия вазирлиги тизимида 7 фоизга камайганлиги қайд этилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келиб тушган мурожаатларнинг таҳлилий натижаларига кўра мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги
Андижон (8 фоиз), Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида (7 фоиз) камайган. Жойларда мурожаатларнинг ўз вақтида ижобий ҳал этиш масалалари кўрилмагани боис, уларнинг сони кескин ошиб кетмоқда.

Сенаторлар жисмоний ва юридик шахслар мурожаатида кўтарилаётган муаммоларни жойларда ҳал қилиш ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўрилмагани танқид қилди.

Вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мурожаатларни чуқур таҳлил қилган ҳолда улар билан самарали ишлаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Шунингдек, сенаторлар Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани муҳокама қилди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонунга мувофиқ Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш Сенат томонидан кўриб чиқилиши белгиланган ва бу борада юқори палатага тақдимномалар келиб тушган. Мазкур тақдимномаларга биноан сенаторлар номзодларни келгусидаги режаларини эшитиб, муҳокама қилди.

Бундан ташқари, мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди. Ҳужжат билан президентнинг ўз белгиси ва штандарти (байроғи)ни жорий қилиш таклиф этиляпти.

Қонунда белги ва штандарт (байроғи) тавсифи, улардан расмий фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши назарда тутилади.

Қонунни қабул қилиш зарурати ушбу соҳадаги халқаро ва илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб белгиланган.

Давлат раҳбарининг фарқловчи белгиларини жорий қилган хорижий давлатларда давлат раҳбарининг белгиси ва штандарти янги сайланган Президентга қасамёд қабул қилгандан кейин топширилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ушбу масалалар тартибга солинмаганлиги боис, қонунчиликни тегишли мазмундаги норма билан тўлдириш таклиф этиляпти.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.