Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган 6 та масала шундан 4 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига киритилаётган ўзгартиришлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда эшитилди.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тақдим этилди.

Унда қайд этилишича, қонунчилик фаолияти доирасида Сенатга киритилган 48 та қонун (2020 йилда 28 та, 2021 йилнинг 8 ойида 20 та, Сенатда жами муҳокама қилинган қонунларга нисбатан 38%) ва 31 та масала дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 16 та тадбир, хусусан, Бош прокурорнинг ҳисоботи 3 марта, Адлия вазири ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ахборотлари 3 мартадан, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсманнинг ҳисоботи 2 марта, Ички ишлар вазири, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Қурилиш вазири, Олий суд раиси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимининг ахборотлари 1 мартадан эшитилган.

Аҳолининг мурожаатларида кўтарилган масалалар юзасидан 4 та парламент сўрови юборилган. Уларнинг натижаси қўмита ва Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилинган.

«Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ахбороти ҳамда соғлиқни сақлаш, таълим ва қурилиш соҳаларида коррупцияга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида Бош прокурор ахбороти эшитилган.

Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси билан биргаликда «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунлар ҳамда соҳага доир бошқа қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати Сурхондарё, Хоразм ва Наманган вилоятларида ўрганилган, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.