Хусусан, давлат раҳбари томонидан соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, ижро ҳаракатларининг муайян қисмини инсон омилисиз амалга ошириш ва ижро механизмларини янада такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Судда иш ютиб чиқиш ҳар доим ҳам адолат тўлиқ қарор топганини англатмайди. Чунки суд қарори қабул қилинганидан кейин унинг амалда ижро этилиши ҳам шунчалик муҳим аҳамиятга эга. Бироқ ижро жараёнларида ортиқча вақт сарфланиши, маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишдаги қийинчиликлар ҳамда инсон омили билан боғлиқ муаммолар суд қарорларининг тез ва самарали бажарилишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари айнан шундай муаммоларга ечим сифатида кўрилмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида ушбу технологиялар давлат хизматлари, молия, тиббиёт ва ҳуқуқ соҳаларида кенг қўлланилмоқда. Энди эса сунъий интеллект ижро иши тизимига ҳам кириб келмоқда. У қарздорларнинг мол-мулки ҳақидаги маълумотларни тезкор аниқлаш, ижро ҳаракатларини автоматлаштириш ва қарорларнинг бажарилишини назорат қилиш имкониятларини яратмоқда. Хўш, сунъий интеллект ҳақиқатан ҳам суд қарорларининг тезроқ ва самарали бажарилишига хизмат қила оладими?
Сунъий интеллектни ижро жараёнларига жорий қилиш фақат техника қўшиш эмас, балки бутун ижро тизимини ақлли ва автоматик бошқариш демакдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2026 йил 30 мартдаги ПФ-сон Фармони мазкур соҳада янги босқични бошлаб берди. Мазкур қабул қилинган фармоннинг асосий мақсадларидан бири, ижро иши юритувини рақамлаштиришни янада жадаллаштириш, соҳада инсон омилини бартараф этиш мумкин бўлган жараёнларни автоматлаштириш орқали тезкорлик даражасини кескин ошириш ҳисобланади.
Биламизки, ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим мезонларидан бири - қабул қилинган суд қарорларининг сўзсиз ва ўз вақтида бажарилишидир. Чунки суд қарор чиқариши адолатнинг биринчи босқичи бўлса, унинг тўлиқ ижро этилиши адолатнинг амалда қарор топганлигини англатади.
Амалиётда баъзан суд қарорларининг кечикиб ижро этилиши ёки турли сабабларга кўра бажарилмаслиги фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан ижро тизимини тубдан такомиллаштириш, рақамлаштириш ва унга сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш вазифаси қўйилди.
Эндиликда фармонга кўра, келгуси йилларда ижро жараёнларининг катта қисми автоматлаштирилади. Хусусан, 2027 йил 1 январдан давлат ижрочилари қабул қиладиган қарорларнинг камида 70 фоизи автомат тарзда шакллантирилиши режалаштирилган. Шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги иш юритув жараёнлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида электрон шаклда юритилади ҳамда ижро ҳаракатлари давомида ундирилган пул маблағларини тақсимлаш жараёнлари ҳам рақамлаштирилади. Бу эса инсон омили билан боғлиқ хатоларни камайтириш, ортиқча қоғозбозликни бартараф этиш ва вақт тежаш имконини беради.
Сунъий интеллект технологиялари ижро жараёнида қандай ёрдам беради? Масалан, қарздорнинг банк ҳисоб рақамлари, транспорт воситалари, кўчмас мулклари ёки бошқа активлари ҳақидаги маълумотлар турли маълумотлар базасидан автоматик равишда йиғилади ва таҳлил қилинади. Илгари бу ишлар учун давлат ижрочиси кўплаб ташкилотларга сўров юбориши ва жавоб кутиши талаб этилган бўлса, эндиликда маълумотлар қисқа вақт ичида олиниши мумкин.
Айниқса, алимент, кредит ёки бошқа қарздорликлар билан боғлиқ ижро ишларида бу янгиликлар катта аҳамият касб этади. Сунъий интеллект қарздорнинг даромад манбаларини аниқлаш, маблағларни ундириш имкониятларини баҳолаш ва ижро ҳаракатларини тезкор ташкил этишда муҳим воситага айланади.
Фармонда яна бир муҳим янгилик сифатида ижро жараёнларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш вазифаси белгиланган. Бу орқали фуқаролар ва тадбиркорлар давлат органларига ортиқча бориб-келмасдан, кўплаб хизматлардан масофадан туриб фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, давлат даромадига ўтказиладиган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкларни бошқариш, аукцион савдоларини ташкил этиш ҳамда ижро жараёнларидаги ҳужжатлар алмашинуви электрон платформалар орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши нафақат ижро ҳаракатларининг тезкорлигини оширади, балки фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши таъминланиб, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишига замин яратилади.
Чунончи, мазкур фармоннинг яна бир механизми сифатида ижро ҳаракатлари давомида ундирилган пул маблағларини тақсимлаш жараёнлари рақамлаштирилади. Анъанавий усулларда маблағларни тақсимлашда инсон омили таъсири, техник хатолар ёки ортиқча вақт сарфланиши ҳолатлари учраши мумкин. Рақамли тизим эса маблағларни қонунчиликда белгиланган навбат ва тартиб асосида автоматик тақсимлаш имконини беради.
Бундан ташқари, рақамлаштириш ижро иши иштирокчиларига маблағларнинг ҳаракати ҳақида реал вақт режимида маълумот олиш имкониятини яратади. Натижада фуқаролар ва ташкилотларнинг ижро тизимига бўлган ишончи ортади, баҳсли ҳолатлар камаяди ҳамда суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши таъминланади. Шу маънода, маблағларни тақсимлаш жараёнларини рақамлаштириш ижро тизимини замонавий, самарали ва очиқ механизмга айлантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект технологияларининг ижро тизимига жорий этилиши суд қарорларининг тезкор ва самарали бажарилишини таъминлаш учун янги имкониятларни очиб бермоқда. Маълумотларни автоматик таҳлил қилиш, ижро жараёнларини рақамлаштириш ва қарорлар ижросини доимий мониторинг қилиш орқали инсон омили билан боғлиқ айрим камчиликларни камайтириш мумкин.
Шу билан бирга, сунъий интеллект инсонни тўлиқ алмаштирувчи восита эмас, балки унинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи замонавий ёрдамчи технология сифатида қаралиши лозим. Ундан самарали фойдаланиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Яқин келажакда сунъий интеллект имкониятларидан оқилона ва масъулият билан фойдаланиш ижро тизимининг очиқлиги, тезкорлиги ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши мумкин. Демак, суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашда сунъий интеллект муҳим воситалардан бирига айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этилиши суд қарорлари ва бошқа ваколатли органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлайдиган замонавий, самарали ва рақамлаштирилган ижро тизимини шакллантириш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек давлат ижрочилари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган.
Мурод Ўразалиев,
Тошкент давлат юридик университети
профессори