Наманган вилояти маъмурий судида вилоят судлари томонидан 2023 йилнинг биринчи ярми мобайнида одил судловни таъминлаш, бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муҳофазалаш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлди. Унда журналист ва блогерларга суд раислари, ўринбосарлари батафсил маълумот беришди.
Наманган вилояти судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими ёзишича, инсонпарварлик тамойилига асосан ҳисобот даврида судлар 9 (5) та иш бўйича 10 (12) нафар шахсни оқлаган. Қолаверса, 218 (267) нафар шахс қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплагани учун суд залида қамоқдан озод қилинган.
Суд қарорларига биноан никоҳдан ажратилган оилалар сони 1 минг 393 тани ташкил этган бўлиб, 2022 йилнинг 1 июлига нисбатан 158 тага кўпайган. Суд юритувидаги ишларнинг 17 таси юзасидан эса эр-хотинларни яраштиришга эришилган. Наманган вилоят судининг судлов ҳайъатлари, туманлараро, туман, шаҳар судларига жами 3 минг 687 та мурожаат келиб тушган ва мазкур рақамлар ўтган йилга солиштирилганда 597 тага камайган.
Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари тарафидан жорий йилнинг дастлабки олти ойида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ишлар очиқланди. Жисмоний ва юридик шахслар йўллаган мурожаатлар миқдорию мазмуни, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳақида сўз юритилди. Бугунги кунда судларни чинакам “Адолат қўрғони”га барқарор айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар хусусида фикр алмашилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқлар фаоллари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди, шаффоф жараёнларни ҳамкорликда ёритишга оид таклифу ташаббусларини билдиришди.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири