Буни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига истеъмолчилар томонидан суғурта фаолиятидан норози бўлиб йўллаган мурожаатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ана шундай мурожаатлардан бири Тошкент вилояти Қибрай тумани, Байтқўрғон ҚФЙ, Гулзор кўчасида фаолият юритган “SOF GIGIENIK” МЧЖдан келиб тушди. Мурожаатда қайд этилишича, ушбу МЧЖда юз берган ёнғин сабабли “EUROASIA INSURANSE” суғурта ташкилоти суғурта қопламасини беришда истеъмолчи ҳуқуқларини поймол этган.
Гап шундаки, 2018 йилнинг 4 январь куни “SOF GIGIENIK” жамиятининг ишлаб чиқариш цехида ёнғин юз берган. Оқибатда “EUROASIA INSURANSE” МЧЖ ҚК суғурта ташкилоти томонидан ҳимояга олинган мулклари “HELI CPD30” русумли юк кўтариш машинаси ҳамда Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган болалар гигиеник памперслари ишлаб чиқариш ускуналари ёниб яроқсиз ҳолга келган. Ёнғин-техникавий экспертизасининг хулосасига кўра, ёнғин жамият томонидан ижарага олинган цехнинг шифт қисмида, ташқи томондан нефть маҳсулоти билан таъсирланиши оқибатида келиб чиққан бўлиши мумкин деб тахмин қилинган. Бунинг натижасида, 2018 йилнинг 4 июль куни Қибрай тумани ИИБ томонидан қўшимча терговга қадар текшириш ўтказилиб, ЖКнинг 173-моддаси 2-қисми «б ва в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилади ва жиноятни содир этган шахсни топиш имкони бўлмаганлиги сабабли ушбу жиноят иши ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан тўхтатилади.
“SOF GIGIENIK” МЧЖ содир бўлган ёнғинни суғурта ҳодисаси деб тан олиш мажбуриятини юклаш мақсадида 1 514 419 000 (бир миллиард беш юз ўн тўрт миллион тўрт юз ўн тўққиз минг) сўмлик ҳамда 61 600 000 (олтмиш бир миллион олти юз минг) сўмлик суғурта товонини ундириш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилган. Суд даъво аризасини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, суғурталовчининг илтимосига кўра суғурта ҳимоясига олинган, Хитой давлатида ишлаб чиқарилган ускунага етказилган зарар 1 362 977 100 (бир миллиард уч юз олтмиш икки миллион тўққиз юз етмиш етти минг бир юз) сўм, юк кўтариш машинасига эса 61 600 000 (олтмиш бир миллион олти юз минг) сўмлик зарар етганлигини инобатга олиб, зарар суммасини суғурта пули доирасида ундириш талабани асосли деб топиб, даъвогарнинг талабини қаноатлантиради.
Суғурталовчи суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикоятини киритади. Апелляция инстанциясининг 2019 йил 19 сентябрдаги қарорига асосан 1-инстанция суди ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилади.
Суғурталовчи апелляция инстанциясининг қароридан норози бўлиб, суд қарорларини бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Олий судига шикоят киритган. Олий суднинг 2019 йил 8 ноябрдаги ажримига кўра суғурта компаниясига суғурта суммасининг 60% миқдордаги пул маблағини тўлаб бериш мажбуриятини юклайди.
Олий суднинг мазкур ажрими амалдаги қонунчилик ва тузилган шартномага зид бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан протест киритилган ва 2020 йил 5 февраль куни иш қайта кўриб чиқиш учун Тошкент туманлараро иқтисодий судига қайтарилади. Раёсатнинг қарорига мувофиқ 2020 йилнинг 27 май куни Тошкент туманлараро суди ишни (биринчи инстанция доирасида) ўрганиб чиқиб “SOF GIGIENIK” МЧЖнинг даъволари ўринли деб топади ва иш жамиятнинг фойдасига ҳал қилиш юзасидан қарор қабул қилади.
Аммо суднинг мазкур қароридан норози бўлган суғурта компанияси Тошкент шаҳар иқтисодий судининг Апелляция ҳайъатига такроран мурожаат қилади.
Энг қизиғи бундан ўн ой аввал Тошкент шаҳар иқтисодий судининг Апелляция ҳайъати томонидан суғурталанувчи фойдасига ҳал қилинган масала, биринчи инстанция ҳамда Бош прокурорнинг протести асоссиз эканлигини, шунингдек, иш юзасидан суғурталовчининг шикояти қонуний эканлиги, мазкур шартномани нотўғри талқин этилганлиги шартнома бўйича суғурталовчи етказилган зарардан эмас, суғурта қопламасидан пропорционал тўлов амалга оширилишини лозим топиб, биринчи инстанция ҳал қилув қарорини бекор қилиб янги қарор қабул қилган.
Фикримизча, Апелляция ҳайъати ўз қарорини амалдаги қонунчиликка ва шартнома талабларига зид равишда қарор қабул қилган. Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин.
Биринчидан: Жамият ва суғурта ташкилоти ўртасида тузилган шартнома суғурта ҳодисаси рўй бергач бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Чунки барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 929-моддасига асосан келишувга эришиб бўлинган.
Иккинчидан: Суғурта пулидан пропорция қилиб тўланиши ҳақида шартномада ҳеч қандай келишув бўлмаган, бунга қонун йўл қўймайди. Чунки ФКнинг 936-моддасининг шарҳида суғурта қопламасининг суммаси аниқ кўрсатилиши лозим, акс ҳолда давлат солиқ органлари томонидан молиявий жарима қўлланиши кўзда тутилган.
Учинчидан: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2009 йил 28 январда 1891-сон билан рўйхатга олинган Бизнес соҳаси учун суғурта хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартлари тўғрисида Низомнинг 6-бандида суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи ўртасида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 929-моддасида назарда тутилган суғурта шартномасининг муҳим шартлари бўйича келишувга эришилиши ҳамда улар суғурта шартномасида аниқ ва равшан баён этилиши шарт.
Шу ўринда биргина ҳақли савол юзага келади. Нега битта суд тизими биргина ҳолат бўйича айро қарор қабул қилмоқда.... Ўн ой аввал Тошкент шаҳар иқтисодий судининг апелляция инстанцияси томонидан мазкур ҳолат истеъмолчи фойдасига ҳал этилган бўлса, айнан шу Апелляция ҳайъати уч ойдан сўнг суғурталовчи компания фойдасига қарор чиқарган. Энг қизиғи ҳайъат таркиби аввалги таркибдан иборат бўлган. Нимага қонунда «кўрга ҳасса қилиб» ёзилган қонун нормаси турлича талқин қилинмоқда.
Биринчи инстанция суди ҳамда Бош прокуратурага кўринаётган ҳақиқат наҳот юқори инстанция судига кўринмаётган бўлса.
Суд суғуртага оид ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги 45-сон «Судлар томонидан суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори талаблари доирасида кўриши, Фуқаролик кодексининг тегишли моддалари доирасида қарор қабул қилиши лозим. Бундан ташқари, федерациямиз айнан ушбу мурожаат юзасидан суғурта бўйича халқаро экспертларга барча ҳужжатлар тақдим этди. Улар томонидан бериладиган якуний хулосалар берилиши кутилмоқда. Аммо мулоҳаза қилинса, мазкур ҳолат оддий алгоритм мисолидек кундек равшанку. Чигал жараён ҳам эмас. Ёки бошқа гап борми тагида.....?
Юқорида бежизга суғуртанинг пайдо бўлиш тарихига эътибор қаратмадик. Ваҳоланки, минг йиллар олдин ҳам зарар кўрганлар қўллаб-қувватланган. Ҳозир биз шундай ривожланган даврда яшаб ҳам эътиборнинг қаратилмаётганлиги кишини таажжублантиради.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ташкилотларнинг тегишли жавобларини кутиб қоламиз.
Мурожаат юзасидан суғурта бўйича халқаро экспертларга барча ҳужжатлар тақдим этилди. Улар томонидан бериладиган якуний хулосалар берилиши кутилмоқда.
Манижа Баҳриева,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари
федерацияси бош мутахассиси