Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Прокуратура органлари ва Судялар олий кенгаши билан биргаликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судяси ва «Агробанк» АТБ Гулистон филиали мансабдор ходимининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Хусусан, судлов ҳайъати судяси ўз иш юритувида бўлган – маҳаллий тадбиркор томонидан Гулистон шаҳрида қурилган кўп қаватли бино бўйича кассация тартибида кўрилаётган даъво иши қонунан унинг фойдасига ҳал бўлишини билгани ҳолда, ўзининг яқин алоқаси ҳисобланган «Агробанк» мансабдори билан тил бириктириб, ундан 7500 АҚШ доллари талаб қилишган.

Ўтказилган тезкор тадбирда банк мансабдори талаб қилинган пул маблағидан 5500 АҚШ долларини олиб, суд томонидан тадбиркор фойдасига ижобий ҳал қилув қарори эълон қилинганидан сўнг, судяга 3600 АҚШ долларини берган вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.