Бир пайтлар фақат илмий-фантастик асарларда учрайдиган технологиялар бугун кундалик турмушимизга кириб келди. Матн ёзиш, таржима қилиш, мураккаб ҳисоб-китобларни бажариш, дастурлаш, сурат ва видеолар яратиш, ҳатто телебошловчи ва дикторлар образини сунъий равишда яратиш бугун одатий ҳолга айланди.

Бу жараён оммавий ахборот воситаларини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Дунёнинг кўплаб нуфузли таҳририятлари сунъий интеллектдан мақолалар тайёрлаш, маълумотларни саралаш, фактларни текшириш, статистик таҳлиллар ўтказиш, таржима ва мультимедиа контентларини яратишда фаол фойдаланмоқда. Шу билан бирга, сунъий интеллект иштирокида тайёрланган янгиликлар, виртуал бошловчилар ва автоматлаштирилган репортажлар тобора кўпаймоқда. Бу эса табиий равишда бир қатор муҳим саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.

Сунъий интеллект журналист касбининг ўрнини боса оладими? Келажакда жонли мухбирлар ўрнига рақамли бошловчилар ишлайдими? Энг муҳими, ахборот борасида одамлар кўпроқ кимга ишонади — сунъий интеллектгами ёки журналистгами? Бу саволлар нафақат медиа соҳаси вакиллари, балки оддий фуқароларни ҳам ўйлантирмоқда.

Шу мақсадда Yuz.uz жамоаси сўровнома ўтказиб, 30 нафардан ортиқ фуқаронинг фикрини ўрганди. Сўров давомида иштирокчиларга иккита асосий савол берилди:

Сунъий интеллект журналист ўрнини эгаллашига қандай қарайсиз?”

Янгилик ва ахборот борасида кўпроқ кимга ишонасиз — сунъий интеллектгами ёки журналистгами?”

Жавоблар эса бир-биридан кескин фарқ қилди. “Сунъий интеллект эгаллайди”, деганлар сони ҳам кам эмас. Сўров иштирокчиларининг бир қисми сунъий интеллектнинг бугунги имкониятларини инобатга олиб, яқин келажакда у журналистларнинг катта қисмини алмаштириши мумкинлигини таъкидлади.

Уларнинг фикрича, сунъий интеллектнинг асосий устунлиги — тезкорлик. У сониялар ичида минглаб манбаларни таҳлил қилади, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлайди ва фойдаланувчига қисқа вақт ичида жавоб тақдим этади.

Баъзи респондентлар кундалик ҳаётда деярли барча саволларига жавобни сунъий интеллект орқали топаётганини айтди. Уларнинг фикрича, инсон билан мулоқот қилишга қараганда сунъий интеллектдан жавоб олиш анча тез ва қулай. Яна айрим иштирокчилар эса технология ривожланиш суръати шунчалик юқорилигини, яқин беш-ўн йил ичида кўплаб касблар қатори журналистика ҳам тубдан ўзгаришини тахмин қилди.

Инсон омилини ҳеч бир технология алмаштира олмайди”. Бироқ аксарият респондентлар бошқа нуқтаи назарни илгари сурди. Уларнинг фикрича, журналистнинг асосий вазифаси шунчаки матн ёзиш эмас. Асл журналистика воқеа жойига бориш, одамлар билан юзма-юз суҳбатлашиш, уларнинг кайфиятини ҳис қилиш, вазиятга қараб саволларни ўзгартириш ва энг муҳими, жамиятдаги муаммоларни очиб беришдан иборат.

Кўпчилик сунъий интеллект инсоннинг эмоцияси, интуитив фикрлаши ва ижтимоий тажрибасини такрорлай олмаслигини таъкидлади. “Журналист вазиятга қараб янги савол беради, суҳбатдошнинг руҳиятини сезади. Буни технология ҳали уддалай олмайди”, деди респондентлардан бири. Яна бир иштирокчи эса журналистни оддий ахборот етказувчи эмас, балки жамият билан давлат ўртасидаги кўприк сифатида баҳолади.

Энг катта баҳс — ишонч масаласида бўлди

Сўровнинг энг қизиқарли қисми ахборотга бўлган ишонч ҳақида бўлди. Аксарият фуқаролар янгиликлар масаласида ҳануз журналистларга кўпроқ ишонишини билдирди.

Бунга бир нечта асосий сабаб кўрсатилди:

— журналист воқеа жойига боради,

— манбаларни текширади,

— айтилаётган маълумот учун касбий ва ҳуқуқий жавобгарликни ўз зиммасига олади,

— видео, фото ва гувоҳлар орқали далилларни тақдим этади.

Кўплаб респондентлар сунъий интеллект баъзан ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотларни ҳам ишончли оҳангда тақдим этишини таъкидлади. Шу боис унинг жавобларини қўшимча текшириш зарурлиги қайд этилди. Бироқ бошқа бир гуруҳ иштирокчилар сунъий интеллект ҳиссиётлардан холи бўлгани учун айрим ҳолатларда инсондан кўра холисроқ таҳлил қилиши мумкинлигини ҳам айтди.

Сўров давомида журналист касбида фаолият юритаётган ҳамюртимиз ҳам ўз фикрини билдирди. Унинг айтишича, сунъий интеллект журналистнинг рақиби эмас, балки ёрдамчисига айланиши мумкин.

Респондент фикрича, келажакда журналистлардан сунъий интеллект билан ишлаш, ундан самарали фойдаланиш ва уни бошқариш кўникмалари талаб этилади. Технологияни билган мутахассис ўз касбида янада самарали фаолият юрита олади.

Бу фикр бошқа иштирокчиларнинг қарашлари билан ҳамоҳанг бўлди. Кўпчилик сунъий интеллект айрим техник жараёнларни автоматлаштириши мумкинлигини тан олган ҳолда, ижодкорлик, танқидий тафаккур ва жонли мулоқот инсон қўлида қолишини таъкидлади.

Yuz.uz жамоаси ўтказган кўча сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, сунъий интеллект мавзуси жамиятда катта қизиқиш уйғотаётган бўлса-да, унга муносабат бир хил эмас.

Бир томондан, фуқаролар сунъий интеллектнинг тезкорлиги, қулайлиги ва улкан ҳисоблаш имкониятларини эътироф этмоқда. Айниқса, ахборотни излаш, маълумотларни саралаш, таҳлил қилиш ва кундалик вазифаларни бажаришда у тобора муҳим воситага айланиб бормоқда.

Иккинчи томондан эса, журналистика шунчаки матн ёзишдан иборат касб эмаслиги яна бир бор намоён бўлди. Бу соҳада воқеа жойига бориш, манбалар билан ишлаш, жамият кайфиятини ҳис этиш, танқидий фикрлаш, ахборот учун жавобгарликни ўз зиммасига олиш ва инсоний мулоқот ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Айнан шу жиҳатлар респондентларнинг катта қисмини журналистларга кўпроқ ишонишга ундамоқда.

Бугунги кунда сунъий интеллект кўплаб вазифаларни инсондан тезроқ бажараётгани шубҳасиз. Аммо тезлик ҳар доим ҳам ишончлилик, масъулият ва касбий тажрибанинг ўрнини боса олмайди. Журналистика эса айнан ана шу тамойилларга таянадиган соҳалардан биридир.

Эҳтимол, келажакда савол “Сунъий интеллект журналистларнинг ўрнини эгаллайдими?” эмас, балки “Сунъий интеллектдан самарали фойдалана оладиган журналистлар бошқалардан устун бўладими?” деган шаклда қўйилар.

Чунки технологиялар ривожланишда давом этади. Аммо жамият ҳар доим воқеани кўрган, ҳис қилган, савол бера олган ва айтган сўзи учун жавобгарликни зиммасига оладиган инсонга эҳтиёж сезади. Демак, сунъий интеллект журналистиканинг рақиби эмас, балки унинг имкониятларини кенгайтирувчи воситага айланиши мумкин.

Келажакда энг катта устунлик технологияни эмас, унинг имкониятларидан оқилона фойдалана оладиган журналистларда бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Зулхумор АКБАРОВА