Унда марказ экспертлари вилоятдаги ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги асосий ўзгаришларни таҳлил қилган.
Жумладан, 2017-2020 йилларда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) 17 фоизга ошиб, 12 триллион сўмдан 24,9 триллион сўмга етган. Шунингдек, ЯҲМнинг хизматлар соҳаси 37,1 фоиздан 34,5 фоизга, саноат ва қурилиш соҳаси 12,6 фоиздан 15,5 фоизга ўсди.
Бозор хизматлари 37 фоизга кўпайиб, 3,8 триллион сўмдан 8 триллион сўмни ташкил этди.
Сўнгги беш йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,2 триллион сўмдан 5,3 триллион сўмга етиб, 19 фоизга ошди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11 фоизга ўсиб, 2016 йилдаги 8,9 триллион сўмдан 2020 йилда 19,9 триллион сўмни ташкил этди.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 2016 йилдаги 18,8 минг донадан 2020 йилда 29,1 минг донагача, яъни 55 фоизга кўпайди.
Инфратузилмани ривожлантириш соҳасида 2016-2020 йилларда 32 километр газ қувурлари, 41 километр автомобиль йўллари ва 893 километр сув таъминоти тармоқлари ётқизилди.
Шу давр мобайнида 138 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Ўтган беш йил давомида вилоятда 5560 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 12,7 минг, мактабларда 41,1 минг, шифохоналарда 2,9 минг қўшимча ўринлар ишга тушди.
Вилоят улкан иқтисодий имкониятлари, географик ва транспорт салоҳияти билан мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Сурхондарёнинг табиий иқлим шароити бошқа ҳудудлардан фарқ қилиб, воҳада икки-уч марта ҳосил олиш, иссиқсевар ўсимликлар етиштириш имконияти мавжуд. Замонавий корхоналар ташкил этилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес изчил ривожланмоқда.
Бундан ташқари, вилоятда фойдали қазилмалардан нефть ва газ, тошкўмир, полиметалл, ош тузи конлари бор. Гипс, гранит, аргиллит каби қурилиш материаллари, минерал сувли булоқ кўп, дея хабар бермоқда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.