Қизиғи шундаки, бир соатга яқин давом этган ОАВ билан суҳбатни матбуот хизмати тиғиз иш тартиби туфайли тўхтатишга уринишига қарамай, Президент журналистларга ўзларини қизиқтирган саволларни беришга имконият берди.
Журналистлар билан суҳбатдан Президент Мирзиёев уларга виоятни ривожлантиришдаги сўнгги натижалар ва режалар тўғрисида тўлиқ тасаввурни етказишга интилгани кўриниб турди.
Журналистларнинг саволларига жавоб бераётиб, Президент вилоят дуч келаётган қийинчиликлар тўғрисида очиқчасига гапирди. У Сурхондарё қийин минтақалардан бири эканлигини тан олди. Аммо бу ерда ҳам ривожланиш бошланди, кўп йиллик муаммолар аста-секин ҳал қилинмоқда.
Ш.Мирзиёевнинг сўзларига кўра, аввал вилоятда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли бирорта ҳам лойиҳани амалга ошириш мумкин эмас эди. Бугунги кунда вазиятни тўғирлаш бўйича кўплаб ишлар олиб борилмоқда, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларини ишга тушириш орқали. Масалан, Шерободта қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади, у 300 мингта хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.
Вилоятни сув билан таъминлаш масаласи тубдан ҳал қилинади, сувни тежаш усуллари жорий этилиб, сув сарфини 50%га тежашга эришилмоқда.
Бундан ташқари, вилоят аҳолисини уй-жой билан таъминлаш муаммолари амалий ҳал қилинмоқда. Бу йил 3,8 минг квартирали кўп қаватли уйлар қурилади, улардан деярли 1,5 мингтасини эҳтиёжманд оилаларга ажратиш режалаштирилган.
Халқаро кун тартибига ҳам тўхталиб ўтилди. Президент “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” ва “Мозори-Шариф-Пешовар” каби Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга темир йўл лойиҳаларига талаб катта эканлигини таъкидлади. Уларни амалга ошириш мамлакат учун катта иқтисодий истиқболларни очиб беради ва Сурхондарё минтақанинг асосий транспорт марказига айланиши мумкин.
Мирзиёев тайёргарлик ишлари қизғин давом этаётган Тожикистонга бўлажак ташриф ҳақида ҳам айтиб ўтди. Унга кўра, томонлар аниқ ҳамкорлик лойиҳалари бўйича муҳим ҳужжатлар тўпламини имзолаш ниятида. Шунингдек, яқин келажакда ўзаро савдо айланмасини икки баравар ошириш режалаштирилган.