Воҳада ушбу соҳада хизмат кўрсатишни замонавий мезонлар асосида такомиллаштириш, аниқлик ва шаффофликни мақсадида 2020 йилнинг май ойида аҳоли хонадонларига “Ақлли” газ ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари бошланган эди. Бугунга келиб, 107 мингдан ортиқ шундай ҳисоблагичлар ўрнатилди.

Жумладан, Афғонистон ва Тожикистон давлатлари билан чегарадош ҳудудда жойлашган ушбу Термиз туманида жами 7 минг 805 та табиий газ истеъмолчилари мавжуд. Шундан 7 минг 631 таси аҳоли хонадонлари бўлса, 174 таси эса улгуржи истеъмолчилар. Айтиш керакки, илгари тумандаги кўпгина хонадонларда газ ҳисоблагичлар бўлмасди, ҳозир эса деярли уларнинг ҳаммаси Президентимизнинг “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан замонавий газ ҳисоблаш ускуналари билан таъминланди. Табиийки, бу билан газ таъминотидаги ҳисоб-китобларни тўғри олиб боришга, табиий газнинг беҳуда йўқотилишининг олдини олишга, уни тежамли сарфлаш ва ноқонуний уланишларга чек қўйишга эришилмоқда. Шунингдек, туманнинг 12 та маҳалласидаги хондонлар табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига уланди.

 Айни чоғда улгуржи истеъмолчиларнинг 501 дона ҳамда аҳоли хонадонларида ўрнатилган 2 минг 851 дона эскирган ҳамда энергия тежамкорлик талабларига жавоб бермайдиган иситиш мосламаларининг ёндиргичлари автоматик бошқарув тизимига, замонавий ёндиргичларга алмаштирилди.

Очиғи, узоқ йиллар давомида тизимда яхлит бир дастур бўлмаганлиги сабаб Термиз туманида ҳам кўплаб муаммолар йиғилиб қолган эди. Уларнинг энг асосийси қорли-қировли қиш кунларида хонадонларга газ етиб бориши кескин камайиб кетиши ва бундан аҳолининг норози бўлиш ҳолатлари тез-тез учраб тургани бор гап. Ана шу муаммоларни бартараф этиш мақсадида, аввало, истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мавжуд газ қувурларини мунтазам равишда босим остида текширувдан ўтказиб боришга эришилди. Дарвоқе, туманда аҳоли хонадонларига жами ҳаракатдаги 156,6 километр газ қувурлари орқали табиий газ етказиб берилади. Шундан 12,3 километр масофадаги газ қувури юкори босимли, 114,6 километр ўрта ва 29,5 километр масофага етказиб берилаётган қувур паст босимлидир. Мазкур газ тармоқларининг гидравлик режими яхшиланди, қўшимча газ тақсимлаш қурилмалари ўрнатилди, ҳамда синаш жараёнида аниқланган газ қувурларининг яроқсиз қисмлари алмаштирилиб, таъмирланди.

Умуман, Сурхондарё вилоятида газ таъминотини яхшилаш бўйича янги тизим жорий этилди. Эндиликда истеъмолчиларга табиий газ аввалгидек уч босқичда эмас, балки икки босқичли тизим орқали етказиб берилади. Яъни паст босимли газ қувурлари тармоқдан олиниб, табиий газ юқори ва ўрта босимли қувурлар орқали тўғридан-тўғри истеъмолчига бир поғона юқори босимда етказиб берилади. Бу билан қишин-ёзин барча хонадонларда бир хил босимдаги газ таъминотига шароит яратилиб, қиш пайтида ҳам хонадонларда газ босими пасайиб кетишига йўл қўйилмайди.

Яна бир маълумот. Президентимизнинг “Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳудудига газ қувурларни тортиш белгиланган. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва Термиз шаҳри истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлаш учун Ангор тумани “Баҳор” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Қорақир” АГРСдан кесими диаметри 219 миллиметр бўлган, жами 38,9 километр юқори босимли газ тармоғи қурилишини таъминлаш топшириғи берилган эди. Ўз навбатида, ушбу объектда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг машина-механизм ҳамда қурилиш монтаж бошқармаси ишчи-ходимлари кучи билан газ қувурларини қуришишлари амалга оширилди.  Бундан ташқари, Термиз шаҳар аҳолисини табиий газ билан таминлаш мақсадида режада 5,6 километр газ қувурларини тортиш кўзда тутилган. Мазкур объектларнинг қурилиши якунига етгач, Термиз шаҳрида 10 мингга яқин кўп қаватли ва ҳовли уйлар ҳамда кўплаб ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг табиий газ таъминоти яхшиланади.