Президентнинг Малайзияга давлат ташрифи доирасида таълим форуми, бизнес вакиллари иштирокидаги учрашувлар, туристик кўргазмалар ўтказилаётган бўлиб, уларда ўзаро манфаатли алоқалар кўламини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон делегацияси таркибида ушбу мамлакатда бўлиб турган Термиз давлат университети раҳбарияти Малайзиянинг "Kedah Agro Holdings" компанияси мутасаддилари билан музокаралар ўтказиб, қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик шартномаларини имзолади.
Жумладан, мазкур ҳамкорликнинг биринчи босқичида компания томонидан Сурхондарёда қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик тармоқларини илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш лойиҳасига 10 млн долларлик инвестиция киритишга келишиб олинди.
Шунингдек, "Kedah Agro Holdings" компанияси раҳбарияти ва экспертларидан иборат делегациянинг жорий йил апрель ойида вилоятимизга ташрифини ташкил этиш, воҳамиз салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни кенгайтириш бўйича манфаатли келишувлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.