Ўрганишлардан кўзланган мақсад вилоятда таълим сифатини оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш, сифат ва самарадорлик кўрсаткичларини ошириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш орқали кадрлар тайёрлаш тизимининг рақобатбардошлигини оширишдан иборат.
Ишчи гуруҳ томонидан олий таълим муассасаларидаги таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-меъёрий ҳужжатлар, ОТМларнинг миллий рейтингдаги ўрнини ошириш ва халқаро рейтингга кириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, профессор-ўқитувчиларни ишга қабул қилишда шаффофликнинг таъминланганлиги, олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш ҳолати, аттестация жараёнларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ қатор масалаларга эътибор қаратилади.
Шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва методик қўллаб-қувватлаш ҳолати, беш ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар самарадорлиги, мактаблар рейтингида паст натижа кўрсатган мактабларни ривожлантириш ҳамда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича таянч мактаблар фаолияти ўрганилмоқда.
Ўрганиш якунлари бўйича вилоятда ОТМлар ва мактаблардаги таълим жараёнларини такомиллаштириш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ҳамда йўл хариталари ишлаб чиқилади.
Таъкидлаш жоизки, дастлаб Қашқадарёда бошланиб, ҳозир Сурхондарёда давом этаётган олий таълим муассасалари ва мактаблар фаолиятини ўрганиш ишлари республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.