Гўшт, сут, тухум каби егуликлар халқимизнинг асосий истеъмол маҳсулотларидан саналади. Бу борадаги эҳтиёжни таъминлаш барча ҳудудларда асосий масалалардан биридир. Ушбу маҳсулотларни халқимиз дастурхонига етказиб беришда Сурхондарё вилояти алоҳида тажрибага эга.
Айниқса, сўнгги йилларда ҳудудда бу борадаги ишлар кўлами кенгайди. Жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, вилоятнинг барча тоифадаги хўжаликларида йирик шохли моллар 1 023,6 минг бошга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 103 фоизга кўп.
Биргина Қумқўрғон тумани мисолида олиб қарайдиган бўлсак, нафақат қорамол, балки паррандичиликнинг хадисини олган тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Шундай тадбиркорлардан бири Мелибой Бобоев туманнинг адирлик жойидан 2 гектар ер майдони олиб, унда паррандачилик комплекси қуриб, ишга туширди. Ҳозир бу ерда 15 минг бошдан зиёд парранда парваришланмоқда. Эгаликдаги паррандалар кунига 11 мингтадан зиёд тухум махсулотлари беряпти.
Олинган махсулотлар нафақат ички бозорларимиз, балки қўшни республикаларга ҳам етказиб берилмоқда. Пировардида, янги ишга туширилган комплексда 10 нафар иш ўрини яратилиб, маҳаллий аҳолининг иш билан бандлиги таьминланяпти.
Вилоятда паррандачиликка ихтисослаштирилган яна 4 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш учун 8 миллиард 36 миллион сўм маблағ ажратилган. Лойиҳалар учун 10 гектар ер майдони ҳам ажратилиши кўзда тутилган. Мақсад эса аҳолини пархезбоп гўшт ва тухум махсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат.
Зойир ҚУЛИЕВ,
“Ўзагроинспекция” Сурхондарё вилоят бошқармаси жамоатчилик
билан алоқалар бўлими бош инспектори