Айниқса, аҳолига ичимлик суви олиб келиниши учун кўчалардан қувурлар торила бошлангач, одамларнинг қувончи ичига сиғмади. Ниҳоят, қувурлар ҳам тортилиб бўлинди. Аммо орадан уч йил ўтса ҳамки, ичимлик сувдан ҳамон дарак йўқ.

Кейинчалик, «Отчопар» маҳалласидан ажратилиб, алоҳида «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғини номи берилди. Бундан икки йил олдин вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан мазкур янги маҳалланинг кўпгина ички йўллари асфальт қилинди. Одамларнинг оғири енгил бўлиб, ичимлик сувини ҳам бироз унутишганди. 

Бироқ бундан уч ойлар олдин яна кўчалар ковлаш бошланди. Эндигина асфальт йўлга эришган фуқаролар энди сув келиши борасидаги хушхабарни эшитиб, байрам қилиб юборишди. Ҳар бир кўчадаги эшик олдиларига алоҳида қувурлар тортилиб, электрон сув ҳисоблагичлар ўрнатилди. Бунга ҳам, "ана келади, мана келади" билан мана учинчи ой ўтаётган бўлсада, сув барибир келмади. Аҳолининг бормаган эшиги, учрашмаган масъули қолмаяпти.

— 2018 йили «Обод маҳалла» дастури асосида ичимлик суви бўйича қурувчи томонидан 29 та кўчага қувур тортиб чиқилганди, — дейди «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ Қарши шаҳар филиали мутахассиси Байрамали Эшмирзаев. — Шунингдек, «Отчопар» насос станцияси қурилди. Аммо айнан ичимлик суви бўйича иш олиб бораётган қурувчининг иши тўхтаб қолди. Шу сабаб, насос станция ишлари ҳам чала қолиб кетди. Ишларни тўлиқ якунлаб, топширмагани учун ҳамон муаммо давом этмоқда.

Беш йилдирки, ечилмаётган муаммо ҳамон мутасаддиларни қизиқтирмагани ажабланарли. Хўш аслида, шунча харажат қилиниб, иш олиб борилди. Лекин сув келмади. Аҳолини қийнаётган бу саволга тегишли мутасаддилар эътибор қаратишади, деган умиддамиз. Бу мавзуга яна қайтамиз.