Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан сув танқислигини юмшатиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва соҳани такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунга Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ёрқин мисолдир.
Тараққиёт стратегиясида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд. куб метр сувни иқтисод қилиш кўзда тутилган. Бунинг учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш ҳисобига сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича дастур ишлаб чиқилади. 2022 йилда сув тежовчи технологияларни 260 минг гектарда жорий этиш ҳисобига 534 млн. куб метр сувни иқтисод қилишга эришилади.
Сўнгги йилларда ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Жорий йилда 427,1 км канал, 131,9 км лоток, 13,2 км қувур ва 886,0 км коллектор-дренаж тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади. Бунинг ҳисобига 335,1 минг гектарнинг сув таъминоти ва 125,4 минг гектарнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилиб, 543 млн. куб метр сув иқтисод қилинади. 6610 та объектга рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига 155 млн. куб метр сув иқтисод қилинишининг ўзи ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш асосий вазифа сифатида қўйилди. Бу бежиз эмас. Чунки барча соҳалар қаторида сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратиляпти. Ортиқча ва беҳуда ҳаражатлар иқтисодий ҳолатга салбий таъсир этиши барчага маълум. Шундай келиб чиқиб, Инвестиция лойиҳалари доирасида 27 та насос станциясини модернизация, 263 км канал ва 787 та гидротехник иншоотларини реконструкция қилиш режалаштирилди. Тизимдаги насос станцияларида хизмат муддатини ўтаб бўлган 181 та насос ва 354 та электро двигатель алмаштирилади.
Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш борасидаги ишлар янги босқичга чиқмоқда. Хусусан, давлат-хусусий шериклик шартларида насос станциялари ҳамда ирригация-мелиорация объектларини хусусий шериклар бошқарувига бериш бўйича 52 та лойиҳа амалга оширилади. Бундан мақсад сарфланаётган электр энергияси ва эксплуатация харажатларини 10-15 фоизга камайтиришдир. Шу билан бирга, бугунги кунда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича вилоятларда кўплаб лойиҳалар амалга ошириляпти. Уни тадбиқ этган фермерлар, кластерларга субсидиялар бериляпти. Асосийси, бунинг эвазига ҳосилдорлик ҳам ортмоқда.
Республикамизда янги ва фойдаланишдан чиққан ер майдонларини ўзлаштириш орқали қўшимча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда 2022 йилда республика ва маҳаллий бюджет ҳамда ташаббускорларнинг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ирригация ва мелиорация тадбирлари натижасида 129 минг гектар янги ва фойдаланишдан чиққан ер майдонлари ўзлаштирилади ва қўшимча 1,5 млн. тонна қўшимча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга эришилади.
Саидмурод Аминжонов,
Сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалигини ривожлантириш
ва стратегик таҳлил бошқармаси бошлиғи