Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Нурота туман бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ердан фойдаланишни назорат қилиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди.

Хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан ва ерлардан фойдаланувчилар, фермер хўжалик мансабдор шахсларига ҳамда ташкилотлар, корхоналар ходимларига нисбатан сув истеъмоли қоидаларига риоя этмаслик ҳамда ерлардан хўжасизларча, ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддалари билан 21 та маъмурий иш қўзғатилди. Ва тегишли тартибда суд томонидан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

— Сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сув ҳавзалари ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш ҳолатини содир этган 3 та ташкилот ходимларига нисбатан 223 минг сўмдан жарима жазоси қўлланилди, — дейди инспекция Нурота туман бўлими бошлиғи Олимжон Камилов. — Бундан ташқари, фермер хўжалиги раҳбарлари орасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланиш соҳасида суғориладиган майдонларни мелиоратив ҳолатини янада ёмонлашишига олиб келган ва унумдор қатламни пасайишига сабабчи бўлганлар ҳам назорат тадбири давомида аниқланди. Ана шундай қонунбузилишига сабабчи бўлган 8 та фермер хўжалик раҳбарлари ҳам белгиланган тартибда жарима тўлашди.

Шунингдек, 7 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонлари аниқланди. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 2-қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жами белгиланган 1 миллион 338 минг сўм жариманинг тўлиқ ундирилиши таъминланди.

Маълумотларга кўра, ер юзидаги 7 миллиарддан ошиқ аҳолининг 1,2 миллиард нафардан зиёдроғи тоза ичимлик сувига муҳтож, 2,3 миллиард одам санитария ҳолати талаб даражасига жавоб бермайдиган сувдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Шундай экан, сув етишмовчилиги глобаллашиб бораётган бугунги даврда сувни тежаб ишлатишимиз, ундан оқилона фойдалансак мақсадга мувофиқдир. 

Абдували БЎРИЕВ,

Навоий вилояти