Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида “Сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий этиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик мутасаддилари, соҳа мутахассислари ва олимлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги фармони билан тасдиқланган сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тамойиллари асосида 2020 йилда 5 та, 2025 йилгача 25 та ва 2030 йилгача 50 та лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси белгиланган.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш, тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга йўналтириш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.
Айни пайтда вазирлик томонидан 2020-2021 йиллар давомида ДХШ шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан 29 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Шундан 10 тасини кластер тизимида фаолият юритиб келаётган хўжаликлар билан амалга ошириш кўзда тутилган. Улардан 5 таси якунланди, қолган 5 таси бўйича ишлар 2020 йил якунига қадар тугалланади.
ДХШ бўйича дастлабки лойиҳалар аллақачон самарасини бера бошлади. Хусусан, 2020 йил июнь ойида Сирдарё мелиоратив экспедицияси билан “Сирдарё мелиоратив қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ўртасида имзоланган қиймати 9 млрд. сўмлик ДХШ битими бўйича ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 1,5 миллард сўмлик воситалар келтирилган.
Бетон заводи, бетон қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда техникаларни таъмирлашни йўлга қўйиш натижасида 50 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 27 октябрь куни Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли “Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ирригация ва мелиорация объектларини “TCT AGRO CLASTER” масъулияти чекланган жамиятига ДХШ асосида бошқарувга бериш” лойиҳаси бўйича битим имзоланди, ушбу лойиҳа бўйича барча ташкилий тадбирлар амалга оширилди.
Бир қатор лойиҳалар юзасидан ишлар давом эттирилмоқда. Мисол учун, Самарқанд вилояти Нарпай тумани ирригация ва мелиорация объектлари ҳамда насос станцияларини, Тошкент вилояти насос станциялари ва энергетика бошқармаси таркибидаги “Хондайлиқ”, “Сойлиқ-1”, “Сойлиқ-2” насос станцияларини ДХШ асосида бошқарувга бериш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиляпти.
Фарғона вилояти Ёзёвон тумани “Толқудуққум” насос станциясини ДХШ асосида бошқарувга бериш лойиҳаси бўйича концепция тасдиқланган ва техник-иқтисодий ҳисоб-китоб ишлаб чиқилган ҳамда молиявий хулоса олиш учун Молия вазирлигига тақдим қилинган.
Бир сўз билан айтганда, сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг татбиқ этилиши иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий вазифаларни ҳал этиш учун хусусий инвестицияларни жалб этиш, илғор бошқарув тажрибасини жорий этишга хизмат қилмоқда.