2022 йил ҳосили учун Самарқанд вилоятида 94 минг 230 гектар ер майдонига бошоқли дон экинлари экиш режалаштирилган. Мазкур агротехник тадбирларда кузги бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши англаган деҳқонлар очиқ ер майдони ҳамда ғўза қатор орасига кузги бошоқли дон экинларини экиш билан боғлиқ агротехник тадбирларни уюшқоқлик билан олиб боришмоқда.

Кузги бошоқли дон экинлари экиш жараёнида 164 дона, шундан 159 та замонавий  ғалла экиш сеялкаларидан унумли фойдаланилмоқда. Жорий йилнинг 4 октябрь ҳолатига 26 минг 950 гектар, шундан очиқ майдонда 15 минг 776 гектар, ғўза қатор орасига 11 минг 173 гектар ер майдонига кузги бошоқли дон экинлари экилди.

Ғалладан мўл ҳосил етиштириш юзасидан ўтказиладиган агротехник тадбирлардан яна бири, экин майдонларини пешма-пеш суғоришдан иборат. Мазкур агротехник тадбирлар “Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан назорат қилинмоқда.

Хусусан, инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан бошоқли дон экинларини суғоришда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш юзасидан доимий равишда мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.

2021 йилнинг 4 октябрь ҳолатига, 12 минг 247 гектар ер майдонидаги ғалла суғорилган бўлиб, бир кунда 1 минг 364 гектар ер майдони суғорилмоқда. Мавсум бошидан бери Жомбой туманида 2 минг 69 гектар, Пахтачи туманида 1 минг 935 гектар, Нарпай туманида 1 минг 613 гектар, Пастдарғомда 1 минг 497 гектар ва Пайариқ туманида 1 минг 428 гектар ер майдонидаги бошоқли дон экинлари суғорилди.

— “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш юзасидан 2 минг 410 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, соҳага оид 905 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ҳамда тегишли таъсир чоралари қўлланилди, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Аваз Очилов. — Жумладан, 828 та ҳолатда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, 57 та ҳолатда сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, 9 та ҳолатда сувларнинг давлат ҳисобини юритиш қоидаларини бузиш ҳамда 11 та ҳолатда соҳага оид бошқа қонунбузилишларга йўл қўйилган. Ушбу аниқланган ҳолатлар бўйича Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан масъул шахсларга нисбатан ваколат доирасида 599 та ҳолатда 159,6 миллион сўмлик  маъмурий ва 77 та ҳолатда 49,9 миллион сўм молиявий жарима санкциялари қўлланилган бўлса, 57 та ҳолатда тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш ҳуқуни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Шунингдек, қонунбузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан 36 та тақдимнома киритилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этишлари юзасидан 213 та ёзма кўрсатма берилган бўлса, ҳуқуқбузарлик содир этилишининг эрта олдини олиш мақсадида 1505 та сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантириш берилди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида инспекциянинг Ургут туман бўлими томонидан ўтказилган 275 та назорат тадбири давомида 151 та, Каттақўрғон туман бўлими томонидан 243 та назорат тадбиридан 78 тасида, Пастдарғом туман бўлими томонидан олиб борилган 198 та назорат тадбири давомида 80 та, Пахтачи туман бўлими томонидан олиб борилган 156 та назорат тадбири давомида 92 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, тегишли таъсир чоралари қўлланилган, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.