Анемия — камқонлик. Қонда эритроцитлар сони ва гемоглобин миқдорининг камайиши, сифатининг ўзгариши билан кечадиган касаллик.
Анемияга қон яратилиш жараёнининг бузилиши, тўсатдан ёки сурункали қон йўқотиш, қизил қон таначалари (эритроцитлар)нинг кўп парчаланиши, асосий қон яратувчи тўқима – суяк кўмикнинг ўз фаолиятини етарли бажара олмай қолиши сабаб бўлиши мумкин.
Темир ва В12 витамини етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган анемия бирмунча кенг тарқалган.
Унинг қуйидагича белгилари мавжуд:
— Бош айланиб, нафас қисилиши. Агар гемоглобин кам бўлса, ҳужайралар етарлича кислород олмайди, нафас олиш тизими ва бош мияда қон таъминоти бузилиб, мазкур ҳолат кузатилади. Айтиш жоиз, темир ва В12 витамини гемоглобин оқсилини ишлаб чиқариш учун зарур.
— Доимий чарчоқ. Агар одатдаги машғулотлардаги чарчоқни аввалгидек осонлик билан енгиш қийинлашган бўлса, гемоглобин ва В12 витамини миқдорини текшириш керак.
— Тери ранги хиралашиши. Қизил қон ҳужайраларининг етишмаслиги оқибатида тери ҳужайралари етарли миқдорда кислород билан тўйинмайди ва рангпар, сарғиш тусга киради.
— Овқатланиш одатларининг ўзгариши. Муз, сода, лой, қалам ва бўёқ — бу нарсаларнинг барчаси камқонлик билан касалланганлар учун жуда ёқимли егулик бўлиб туйилиши мумкин. Шифокорлар бу ғалати одатнинг пайдо бўлиш механизмини ҳалигача тушунтириб бера олмайди, аммо улар буни анемия билан боғлашади.
— Қўл ва оёқлар совиши.
— Бош оғриғи. Сабабсиз тез-тез бош оғриғи кузатилса ва узоқ давом этса, шифокор билан маслаҳатлашиб, гемоглобин учун текширувдан ўтиш керак.
Бошқа кўплаб касалликлар сингари, анемияни даволашдан кўра олдини олиш осонроқ. Темир танқислиги камқонликнинг асосий сабаби эканлигини ҳисобга олсак, тўғри овқатланишнинг аҳамияти жуда катта.
Темирга бой овқатлар:
—жигар;
— қизил гўшт;
— денгиз маҳсулотлари;
— қуритилган мевалар;
— ёнғоқлар;
— брокколи ва исмалоқ;
— бутун дон маҳсулотлари.
Маълумот ўрнида: Ҳар бир катта ёшли одамнинг танасида тахминан 5 литр қон мавжуд. Агар сиз ўз танангизда қанча қон борлигини билмоқчи бўлсангиз, унда эслаб қолинг — бу тана вазнининг 7 фоизини ташкил қилади. Қон ўзининг асоси бўйича таркибида тузлар бўлган сувдир, аммо унинг энг муҳим таркибий қисми қон ичида айланиб юрадиган ҳужайралар ҳисобланади.
Интернет манбалари асосида тайёрланди