Меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, яқинда бўлиб ўтган «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» кўргазмасининг ижобий натижаларини таъкидлади. Шунингдек, охирги пайтда Ўзбекистон устувор ҳамкорлардан бирига айланганига урғу берди.
Анъанага кўра, Свердловск области қора ва рангли металлургия, машинасозлик, шу жумладан, қурилиш саноати учун маҳсулотларни таклиф этди. Пойтахтдаги «Технопарк» да ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар - лифт ва совитиш тизимлари учун бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар шаҳар ҳокимлиги ва қурилиш ташкилотлари раҳбариятини жорий йил октябрь ойида Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтадиган Info BUILD қурилиш техникаси ва ускуналарининг энг йирик кўргазмасида иштирок этишга таклиф этди.
Шароф Раҳмонов пойтахтимиздаги ўзгаришларга ижобий баҳо бергани учун меҳмонларга миннатдорлик билдириб, шаҳар равнақи, бунёдкорлик ишлари кўлами ҳақида маълумот берди.
Шу билан бирга, учрашувда меҳмонларни қизиқтирган соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида учрашувлар ташкил этиш бўйича фикр алмашилди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.