Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Ўзэнергоинспекция" томонидан Тошкент шаҳар прокуратураси ва "Ҳудудгаз Пойтахт" ГТФ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Миробод тумани, "Олтинкўл" маҳалласи, А.Фитрат кўчасида яшовчи фуқаро А. Ф. га тегишли полиз маҳсулотларини қадоқлаш корхонасида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинганлиги аниқланди.
Истеъмолчи томонидан газлаштириш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб фойдаланганлиги натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга асосан тизимга жами 824 млн 417 минг 510,4 сўм (1млн 249 минг 117,44 куб метр) миқдорида зарар етказилгани маълум бўлди.
Маълумот учун: ушбу ҳажмдаги табиий газ бугунги кунда 6 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди. Бу ҳақида "Ўзэнергоинспекция" хабар бермоқда.