Навоийдан йўлга чиқиб, Нурота тоғ тизмасидан ўтишингиз билан магистралнинг икки томонида қир-адирликлар бошланади. Йўлнинг чап томондаги кенг яйловлар Ғозғонтоғ тизмаларига бориб туташади. Узунлиги 40, эни 6 километргача чўзилган мазкур тоғ бурамаларида энг нодир мармар ва гранит конлари жойлашган. Улар кўкиш, булутли, пушти, оч сариқ, яшил — жами 45 хилдан ортиқ рангга эга. Ўта иссиққа ва намга чидамлилиги, ишлов учун қулайлиги унинг ноёблигини янада оширади.

Айни пайтда Ғозғонда кўҳна тоштарошлик санъати ва замонавий саноат келажагига замин яратилмоқда. Президентимиз бундан уч йил олдин Навоий вилоятига ташрифи чоғида Ғозғондаги мармар ва гранит конлари негизида табиий тошларни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, бу ишларни кластер тизимида амалга ошириш вазифасини қўйган эди. Топшириққа мувофиқ, “Мармаробод” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Бир йил давомида 10 миллиард сўм маблағ эвазига даштликдаги 6 гектар ерда замонавий корхона ишга туширилди. Хориждан 655,5 минг долларлик технология олиб келиниб, йилига 24 минг квадрат метр гранитни қайта ишлаш имконияти яратилди.

Асосий мақсад лойиҳа қувватини йилига 3 миллион квадрат метрга етказиш, маҳсулотлар турини кўпайтириш ва экспортга йўналтиришга қаратилмоқда. Бунинг натижасида йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 250 миллиард сўмга, экспорт 10 миллион долларга етиши, бир ярим мингга яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизда ягона ҳисобланган мазкур кластернинг ҳудуди 37 гектар. У ўз таркибига гранит ва мармар конларидан тортиб ишлаб чиқариш корхоналаригача қамраб олган. Коронавирус авжига чиққан даврда ҳам унинг қувватлари ва қурилиш объектларида иш бир зум тингани йўқ. Ҳозирги кунда Пашшот, Паргат конларининг устки қисмини очиш билан биргаликда янги ускуналар ёрдамида гранит тошлар ҳам қазиб олиняпти. Карьерлар тўлиқ очилиши билан кунлик ҳажм 200, йиллиги эса 72 000 куб метрга етиши керак.

— У барча қайта ишловчиларни хомашё билан таъминлайди, — дейди  корхона раҳбари Шавкат Шарипов. — Унинг йиллик қуввати 70 минг куб метр табиий тошни қазиб олишга мўлжалланган. Бу ҳажм дастлабки босқичда бош корхонанинг ҳам, тадбиркорларнинг ҳам эҳтиёжини тўла қондиради.

Бундан ташқари, кластер таркибида ғозғонлик маҳаллий тадбиркорлар учун 10 та ишлаб чиқариш биноси барпо этилди. Уларни қуриш ва замонавий қайта ишлаш дастгоҳлари билан жиҳозлаш учун ишбилармонларга имтиёзли кредитлар тақдим этилди.

 “Мармаробод” ҳудудида банк, сервис хизматлари, ўқув маркази, эҳтиёт қисмлар ва дастгоҳлар дўкони ташкил қилинди. Унинг дилерлик тармоғи пойтахтимизда ва бошқа вилоятларда ҳам тобора кенгайиб боряпти. Ушбу филиаллар орқали харидорлар ўз яшаш манзилидан туриб, исталган тур ва ҳажмдаги маҳсулотга буюртма бериши мумкин. Яна бир жиҳати, харидорларни топишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган саноат кооперацияси портали ҳам яқин кўмакчи бўлаётир.

Яқинда шаҳар мақомини олган Ғозғоннинг яқин келажагини бамисоли табиий пардозбоп тошлар “водийси”га қиёслаш мумкин. Бу ерда биз ҳикоя қилган корхоналар қаторида табиий пардозбоп материаллар ишлаб чиқарувчи “Navoi Process Stone” ҚK ва “Gazgan stone” MЧЖ ҳам фаолият кўрсатмоқда. “Gazgan Marble Grup” МЧЖ эса гранит тошларни қайта ишлашда ҳосил бўладиган увоқлардан композит қоплама материаллар тайёрлашга ихтисослашган.

Айтиш мумкинки, Ғозғон пардозбоп тошлар бўйича Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги брендини юзага келтирувчи алоҳида ишлаб чиқариш маконига айланмоқда. Айни пайтда бу ерда кичик саноат қувватлари 170 дан ортиб, қўшма корхоналар сони 8 тага, табиий тошларни қазиб олиш билан шуғулланувчи бизнес субъектлари 25 тага етди. Ҳудудий экспорт ҳажми эса 900 минг долларни ташкил этади. 

Абдурауф  ҚОРЖОВОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири