Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан “Ўзнефтгазинспекция” вилоят бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “Ҳудудгаз Қашқадарё” филиали масъул шахслари ва бошқалар “T.” МЧЖга қарашли Автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиш орқали умумий қиймати 3,5 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланган.

Шу каби, Департамент ҳамда “Ўзнефтгазинспекция”нинг Қашқадарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “G.t.” хусусий корхонаси ва “Ҳудудгаз Қашқадарё” филиали масъул шахслари корхонага қарашли Автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўлчов тармоғининг муҳрига ўзбошимчалик билан шикаст етказилиб, газ қурилмасини бошқа қурилмага алмаштириш орқали 2,9 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланган.

Департаментнинг Бўстонлиқ туман бўлими томонидан “Бўстонлиқтумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “E.” унитар корхонаси раҳбари Э.С. ўзбошимчалик билан газ тармоғидаги тамғани бузиб, ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келганлиги оқибатида, 580,3 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.