Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро Соҳиба Қиличевадан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “1091” ишонч телефони орқали мурожаат келиб тушди.

Истеъмолчининг айтишича, банк кредити асосида сотиб олган кир ювиш машинаси носоз чиққан. Харидор “Аrtel” сервис марказига мурожаат қилган, аммо мурожаати эътиборсиз қолдирилган.
Мурожаат ўрганилиши натижасида кир ювиш машинаси бепул таъмирлатиб берилди.

Навоий шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Шаҳноза Рўзиева шаҳарда жойлашган “Top kredit” савдо дўконига иккита мобиль телефони учун банк кредити асосида 4 миллион сўм тўлаган. Бироқ орадан 10 кун ўтса ҳам харидларини ололмаган. Бу бўйича тадбиркорга қилган такрорий мурожаатлари бесамар кетган. Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида истеъмолчига телефон аппаратлари икки кун ичида етказиб берилди.

Навбатдаги мурожаатни вобкентлик Ф.Рустамов йўллаган. Истеъмолчи Вобкент тумани марказий бозорида фаолият юритаётган тадбиркордан 3 миллион 750 минг сўмлик буюртма асосида ошхона мебеллар тўпламини харид қилган. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай, мебеллар носоз ҳолатга келиб қолган. Бу борада  тадбиркорга бир неча марта арз қилишига қарамай, ҳеч қандай  таъмирлаш хизмати кўрсатилмаган. Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида қисқа муддатда ошхона мебели таъмирлаб берилди, дея хабар қиляпти федерация матбуот хизмати.