Фақат давр талабларига жавоб берадиган Асосий Қонунгина йирик ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг самарадорлиги учун зарур бўлган ривожланиш ва барқарорлик уйғунлигини таъминлаб бера олади.

Янгиланган Конституция давлатимиз ва жамиятимизнинг нафақат бугунги қиёфаси, ҳаёт тарзи, балки келажагини, эзгу мақсадларимизнинг ҳуқуқий замин ва пойдеворини белгилаб берувчи ҳужжатдир. Унда белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш, юртимизда тинч, эркин ва обод ҳаёт барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида муттасил иш олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жамиятда, ҳар қайси оила ва фуқаро ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар содир бўлаётган бўлса, буларнинг барчаси янги Конституциямиз билан ҳуқуқий мустаҳкамлаб берилган, десак янгилишмаймиз.

Жумладан, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари сенатор ва депутатларнинг халқ билан мунтазам мулоқот олиб бориши замирида ҳам миллий қомусимиз асослари мужассамдир.

Конституциямизнинг 40-моддасида ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Шунингдек, фуқароларнинг бу конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш механизми Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни, бошқа тегишли қонунлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган.

Маълумки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш тамойилига таяниб, бугун ушбу эзгу ва олийжаноб мақсадлар асосида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усуллари тизимли равишда ташкил этилганини ҳар бир туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган Президент Халқ қабулхоналарида ҳамда вертуал қабулхоналар мисолида кўришимиз мумкин. Шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотларида фуқароларнинг мурожаатини қабул қилиш механизми ҳам яратилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз бош қомуси ўзбек халқининг озодлик ва мустақиллик йўлидаги интилиши, халқимизнинг имконияти ва салоҳиятини ишга солиш, жамиятнинг барқарор ривожлантириш, иқтисодий ва сиёсий муносабатларни демократлаштиришнинг асосларининг таъминлаб келмоқда.

Инсон омили унинг мафаатларини ҳимоялаш чинкам демократик, адолатли давлатга хос хусусиятдир. Асосий қонунимизнинг 65-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.Бу эса ўз навбатида тадбиркорларга, маҳаллий ва хорижий инвесторларга қулай ишбилармон шароитини яратилишидан амалий ёрдам беради.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда бош қомусимиз ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий ҳамда ишбилармон муҳитни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган. Инспекция томонидан ҳудудларда ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти яқиндан ўрганилиб, уларнинг қонуний фаолият юритишларида кўмаклашилмоқда.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, кейинги йиллар Бош қомусимизга Президентимиз Шавкат Мирзиёев белгилаб берган вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Айниқса, давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этиш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, сайлов қонунчилигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ муҳим тўлдиришлар амалга оширилди.

Миллий Қомусимизга киритилган янги, замоанавий ва ҳуқуқий жиҳатдан жуда муҳим нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши юртимиз ва юртдошларимиз тарихида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳамда қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб берди. Президентимиз таъкидлаганидек, «Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баланпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашлни назарда тутамиз. »

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси мамлакатимиз тараққиёти, фуқароларимиз турмуш тарзини юксалтиришга, бозор иқтисодиётни ривожлантиришга, миллий манфаатларимиз, истиқлолимиз ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатини таъминлашга хизмат қилади.

Уткиржон ҚОБИЛОВ

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент қошидаги

Алкоголь ва тамаки бозорини

тартибга солиш инспекцияси бошлиғи,

адлия катта маслаҳатчиси