Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида тадбиркорлик субъектларига Коррупцияга қарши курашиш Хартияси аъзолигига қўшилиш сертификатларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг қўшма қарорига асосан қабул қилинган Коррупцияга қарши курашиш Хартияси аъзолигига қўшилиш ва ягона Реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларнинг Хартияга қўшилиш тўғрисидаги билдиришномаларини кўриб чиқиш бўйича Палата ҳузурида Махсус комиссия тузилган.
Махсус комиссия томонидан жорий йилнинг 1 февраль куни илк бор республика бўйича 50 нафар тадбиркорлик субъектларининг Хартияга қўшилиш бўйича билдиришномалари кўриб чиқилиб, уларга Хартияга аъзолик сертификати бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Т.Хайдаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж.Уринов иштирок этиб, бизнес вакиллари фаолияти учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, Хартияни асосий мақсад ва коррупция хавфларининг олдини олишдаги роли ҳақида сўзлаб беришди.
Хартия тадбиркорлик субъектининг молиявий фаолиятини бошқариш, шартнома муносабатлари, кадрларни танлаш ва ўқитиш, ички интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш, давлат харидлари каби муҳим йўналишларда коррупция хавфларининг олдини олишга қаратилган комплекс чораларни ўз ичига олган.
Хартия нормаларининг амалиётга жорий этилиши хусусий секторда коррупциянинг олдини олиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш имконини беради.