Юртимизда фаровонлик ва тараққиётга эришиш йўлида тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратилгани бежиз эмас. Зеро, фақат шу йўл билан аҳоли фаровонлиги ошиб, иқтисодиёт янада мустаҳкамланади.
Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 28 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жойларда тадбиркорга кўмакдош бўладиган, муаммосини ҳал қиладиган корхоналарни соғломлаштириш ва хусусуйлаштириш клиникалари ҳамда Call-марказ ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Таъкидлаш жоизки тадбиркор фаолияти мобайнида турли тўсиқлар, муаммолар, тушунмовчиликларга кўп учраши табиий. Кредит маблағларининг сабабсиз кечиктирилиши, субъектга ажратиладиган жой, бино масаласи, маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун ишчи кучи, экспорт муаммолари ва ҳоказо масалалар билан қийналиб юрган тадбиркор мана шундай клиникага келиб, ўз “дард”ига даво топмоқда.
Фарғона вилоятида “Фарғона тадбиркори – Фарғонада ислоҳотчи” тажрибаси доирасида муайян натижаларга эришилмоқда. Маълумотларга кўра, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини узлуксизлигини таъминлаш ва экспортчи корхоналарни қўллаб-қуввватлаш учун 1 триллион сўм айланма маблағ учун кредитлар ажратилмоқда. Хусусан, 101 та тадбиркорга халқаро молия институтларининг 210 миллиард сўмлик кредитлари берилди. Жорий йилда 8 мингга яқин янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Фарғона шаҳрида фаолият бошлаган “Тадбиркорлар уйи” ҳар бир мурожаатини белгиланган меъёрлар асосида тезкорлик билан ижобий ҳал этиш имконини бермоқда.
Мақсад ҳам аслида тадбиркорга кўмакчи ва суянч бўлишдир. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорнинг муаммоси шу ерда ечим топади. Истиқболли лойиҳалар, бизнес-режалар ишлаб чиқилади.
Бу ерда тадбиркорнинг барча масалалари ижобий ҳал этилиши учун тижорат банклари, давлат хизматлари маркази, қурилиш, архитектура ва бошқа барча масъул идораларнинг ходимлари жойлашган.
– Мазкур клиника тадбиркорларнинг у ташкилотдан бу ташкилотга сарсон-саргардон юрмаслиги, ортиқча вақт сарфламасдан бир жойнинг ўзида ишини битириши учун ташкил қилинди, – дейди Фарғона вилояти Давлат хизматлари маркази катта мутахассиси Зокиржон Хўжаев.
– Давлат хизматларининг маъмурий регламенти аксарияти тадбиркорлик билан боғлиқ ҳисобланади. Мисол учун, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, хориждан ишчи кучларини жалб қилиш, тадбиркорлик фаолияти муддатини узайтириш, ишчиларга пенсия дафтарчаси очиш каби жараёнлар биз орқали амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар бизга бўлган юздан ортиқ мурожаатнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
“Тадбиркорлик уйи” фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш бориш мақсадида унинг телеграм канали, ижтимоий тармоқларда махсус саҳифаси очилди, тадбиркорлар учун онлайн мурожаат қилиш имконияти ҳам яратилди.
Ўтган давр мобайнида “Тадбиркорлик уйи”га 1 минг 834 та мурожаат келиб тушган. Улардан 1 минг 50 таси ижобий ҳал этилган. 458 тасига тушунтириш берилган ҳамда 324 таси тегишли бошқарма ва ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.
Мазкур “Тадбиркорлик уйи”га мурожаат билан келган тадбиркор Мансурбек Норматовнинг 8 йиллик муаммоси 3 кунда ҳал бўлди. Аниқроқ айтганда 2012 йилда тадбиркорга тегишли бўлган 4 гектар ер давлат томонидан номалум сабабларга кўра олиб қўйилган. Унинг қайд этишича, бу ерда тадбиркор аҳолига хизмат кўрсатувчи объектлар қуришни режалаштириб юрган. Ҳозирга қадар бормаган идорасию, тўпламаган ҳужжати қолмаган. Бир неча кун олдин ушбу масалада вилоят ҳокимига мурожаат қилган ва масала ижобий ечим топган.
Бу ерда ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.
Яна бир жиҳат. Тадбиркорга бизнес юритишнинг илк сабоқлари ва ҳозирги ривожланиш тенденцияларини ўргатиш мақсадида “Бизнес академия” ташкил этилган. Ўқув жараёнларига республикамиз ва хориждан малакали мутахассислар жалб этилмоқда. Ҳозирги кунда 60 дан ортиқ тингловчилар малакали мутахассислардан сабоқ олмоқда.