Шунингдек, миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик соҳасида илғор тажриба ва анъаналар мактабини яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, инновацион технологияларни жорий этишда ибрат кўрсатаётган тадбиркорлар “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига сазовор бўлди.

Бугун мазкур мукофотларни топшириш маросими ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилганларни “Тадбиркорлар куни” билан самимий табриклади.

Қайд этилганидек, юртимиз ишбилармонлари яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз ташаббуси, билим ва тажрибаси билан иқтисодиётнинг турли тармоқларида салмоқли натижаларга эришмоқда.

Улар томонидан янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда, замонавий хизматлар йўлга қўйилиб, аҳоли учун янги иш ўринлари ва даромад манбалари яратилмоқда.

Айниқса, ўз соҳасида илғор тажриба ва анъаналарни шакллантираётган, изланувчанлиги, креатив ғоя ва ташаббуслари билан бизнесга инновацион технологияларни олиб кираётган тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётгани эътироф этилди.

Президентимиз ташаббуси билан шаклланган эзгу анъанага мувофиқ, ҳар йили илғор тадбиркорлар Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиб келмоқда. Жорий йил ҳам номзодларни танлашда ишлаб чиқариш ва экспортни кўпайтириш, инвестиция жалб қилиш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишда аниқ натижа кўрсатаётган тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратилди.

Маросимда давлатимиз раҳбари давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Тақдирланганлар тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаётгани ва уларнинг меҳнатига кўрсатилаётган юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.