Республика ялпи ички маҳсулотида тадбиркорлар улуши тобора ортиб бораётгани ҳам бу борадаги фаолиятга жиддий ёндашишни тақозо этмоқда. Ҳудудларда бизнес юритиш шарт-шароитларни яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Ўз навбатида, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Хусусан, Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари билан узвий алоқа йўлга қўйилган бўлиб, “Адлия — тадбиркорга кўмакчи” шиори остида уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар манфаати юзасидан 166 та мурожаат кўриб чиқилиб, бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ уларнинг фойдасига ундириб берилди.
Жумладан, “WONDERFUL TEXTILE” МЧЖ раҳбари М.Муратовнинг солиқ органи мансабдор шахслари хатти-ҳаракатидан норози бўлиб йўллаган мурожаати кўриб чиқилганида қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги жамиятнинг аризаси солиқ органлари томонидан асоссиз рад қилинганлиги аниқланган.
Шу муносабат билан, адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг 9 февралида солиқ органига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Натижада, тақдимномада кўрсатилган ҳолатлар солиқ органи томонидан бартараф этилиб, тадбиркорга қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси қайтариб берилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида фаолият олиб борувчи “MY BERRY” ва “OQ OLTIN GOLDEN FRUITS” МЧЖлар томонидан жамиятларга ҳисобланган қўшимча қиймат солиғи қайтарилмаганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди. Мазкур мурожаат вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, жамиятларнинг қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тўғрисидаги аризалари солиқ органи томонидан асоссиз рад этилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорлар манфаатида солиқ органининг қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплашни рад этиш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида Тошкент туманлараро маъмурий судига шикоят аризаси киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорларига асосан “OQ OLTIN GOLDEN FRUITS” ва “MY BERRY” МЧЖлар манфаатларида жавобгар солиқ органи мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига нисбатан киритилган аризаси қаноатлантирилиб, солиқ органининг қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Бугун тадбиркорларнинг муаммоларига ечим топилаётгани, уларнинг қонуний манфаатлари давлат ҳимоясида эканлиги юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратишга асос бўлмоқда. Зеро, тадбиркорларда қонун устуворлигига ишонч бўлсагина, соҳа ривожланишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Санжар Аденов,
Тошкент вилоят адлия бошқармаси
бош маслаҳатчиси