Шахс ўз ғоясини эркин амалга ошириш имкониятига ва кафолатга эга жойда тараққиёт барқарор, ўсиш эса узоқ муддатли бўлади. Шу боис, тадбиркорликни фақат иқтисодиёт тармоғи сифатида эмас, балки жамият тафаккурининг ойнаси, давлатнинг фуқаросига ишончи даражасини акс эттирувчи муҳим мезон сифатида баҳолаш зарур.
2025 йил сарҳисобига назар солганда, тадбиркорларга яратилган имтиёз ва имкониятлар ортида фақат иқтисодий самара эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг сифатидаги ўзгаришлар ҳам кўзга ташланади. Бугун тадбиркор назорат қилинадиган субъект эмас, балки қўллаб-қувватланиши лозим бўлган ишончли ҳамкор сифатида эътироф этилмоқда. Бу ёндашув тараққиёт йўлида танланган онгли, масъулиятли ва инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик, бозорлардаги кескин тебранишлар ва глобал хавф-хатарлар шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат учун стратегик заруратга айланди. Солиқ имтиёзлари, молиявий енгилликлар, кредит ресурсларига кенг йўл очилиши ва ҳуқуқий кафолатларнинг мустаҳкамланиши — буларнинг барчаси тадбиркорни ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ислоҳотлардир. Чунки бугун ўз ишини ривожлантира олган тадбиркор эртага янги иш ўринлари, барқарор даромад манбалари ва ижтимоий фаровонликни яратишга хизмат қилади.
Ишонч феномени
Жамиятда “ишонч” деган тушунча бор — у баъзан қонун ва фармондан ҳам кучлироқ таъсирга эга. Чунки ишонч мавжуд жойда ташаббус туғилади, ташаббус бор жойда ҳаракат шаклланади, ҳаракат эса иқтисодий ўсишга олиб келади. Сўнгги йилларда тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар айнан шу мантиқий занжирни ҳаётга татбиқ этмоқда. Давлатнинг тадбиркорга ишончи унинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаб, барқарор ривожланиш учун таянчга айланмоқда.
Ўтган тўққиз йил Ўзбекистон иқтисодиёти тарихида фақат рақамлар билан баҳоланадиган давр эмас. Бу йиллар давомида иқтисодий тафаккур ўзгарди, давлат ва тадбиркор ўртасидаги муносабатлар қайта шаклланди, энг муҳими, ишонч институционал даражага кўтарилди. Айниқса, 2025 йил ана шу жараёнларнинг мантиқий якуни, синовдан ўтган модели сифатида намоён бўлди.
Президентимизнинг “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори иқтисодий ҳаракатлар йўналишини белгилаб берди. Ушбу ҳужжат бандликни умумий шиор даражасида эмас, балки аниқ механизмлар, масъул субъектлар ва ҳудудий кесимда амалга оширишни назарда тутди.
Қарорда белгиланган 5 миллион 200 минг кишининг бандлигини таъминлаш вазифаси босқичма-босқич бажарилди. Бу жараёнда банклар иштирокидаги механизмлар ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Банклар орқали иш билан таъминлаш тизими тадбиркорликни иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айлантирди. Мазкур ерда асосий масала фақат иш ўрни очиш эмас, балки инсонга ишонч билдириш эди. Давлат яратган шароит фуқарода “менга ишониляпти”, деган ҳис уйғотди. Айнан шу ҳис ташаббускорликка ва шахсий масъулиятни зиммага олишга ундади. Иқтисодий ўсиш айнан шу ички ишончдан бошланди.
2025 йилда иқтисодий сиёсат маҳаллагача туширилди. Ҳар бир маҳаллада белгиланган мақсадли кўрсаткичлар иқтисодий жараённинг аниқ манзилли бўлишига хизмат қилди. Туман ҳокимликлари тадбиркорларни жой ва инфратузилма билан таъминлаган бўлса, банклар молиявий қўллаб-қувватловни зиммасига олди. Бу эса давлат, банк ва фуқаро ўртасидаги ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлади.
Рақамли бошқарув тизимининг жорий этилиши ишончни институционал кафолатга айлантирди. “Online-mahalla.uz”, “bank-kredit. uz” ва “soliq.uz” ахборот тизимларининг интеграция қилиниши вазифалар ижросини кунлик таҳлил қилиш имконини берди. Бу тизим фақат назорат эмас, балки масъулиятни ҳис қилиш маданиятини ҳам шакллантирди. Натижада фуқароларнинг идоралар ўртасида сарсон бўлишига чек қўйилди.
Йил давомида амалга оширилган “Маҳалла лойиҳаси” дастури ишонч иқтисодиётининг амалий намунасига айланди. Илгари оилавий тадбиркорликда ўзини оқлаган, ишонч қозонган фуқароларга каттароқ ҳажмда ва узоқ муддатга молиявий ресурслар ажратилиши улар фаолиятини янги босқичга кўтарди. Ҳар бир маҳаллада камида 10 та хонадон учун тақдим этилган “лойиҳа пакетлари” орқали оилалар барқарор даромад манбаига эга бўлди. Бу тадбиркорликни тирикчилик даражасидан иқтисодий тараққиёт босқичига олиб чиқди.
Ушбу жараёнда маҳалла банкирлари амалий ижрочиларга айланди. Улар банк ва аҳоли ўртасидаги кўприк бўлиб, стартап ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилишида ҳал қилувчи ўрин тутди. Иқтисодий ташаббус биринчи марта шу даражада маҳаллада пайдо бўлиб, шаклланди.
Давлат томонидан тадбиркорга берилган эътибор жамиятда ташаббус, масъулият ва барқарорликни шакллантирди. Иқтисодиётда ишонч феномени айнан шу жиҳати билан янги Ўзбекистон тараққиётининг энг мустаҳкам пойдеворига айланмоқда.
Янги имкониятлар даври
Бугун ёшларни давлат даражасида қўллаб-қувватлаш тасодифий ёки мавсумий сиёсат эмас, балки узоқни кўзлаган стратегик танловдир. Чунки ёшлар — жамиятнинг энг фаол, энг ҳаракатчан ва янгиликка интилишдан чарчамайдиган қатлами. Уларга яратилган шароит, аввало, иқтисодиётнинг эртанги йўлини белгилаб беради.
Йил давомида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш соҳасида қилинган ишлар натижасида кичик саноат зоналарида янги ишлаб чиқариш объектлари барпо этилди. Улар ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида тақдим этилди. Бу эса бизнесни нолдан бошлаётган ёшлар учун энг катта тўсиқлардан бири — инфратузилма масаласини ҳал қилишга кўмак бўлади. Имтиёзли микрокредитлар, молиявий кўмак ва маслаҳат хизматлари билан уйғун бу тизим йил охирига келиб, ёшлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантирди.
Ана шу жараёнда давлатимиз раҳбарининг 2025 йил февралдаги қатор муҳим қарорлари ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Жумладан, “Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори йил давомида ёшлар сиёсатидаги кенг кўламли ишлар учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Ушбу қарорга мувофиқ, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида ташкил этилган Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси йил якунига келиб, навқирон авлод учун нафақат молиявий манба, балки ишончли ҳамкор, маслаҳатчи ва қўлловчи ҳомий сифатида фаолият юритди. Ёшлар тақдим этган ташаббуслар экспертлар иштирокида чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг барқарорлиги ва истиқболи асосий мезон сифатида баҳоланди. Бу эса ёш тадбиркорларда режалаштириш, ҳисоб-китоб ва узоқни кўра билиш кўникмаларини шакллантирди.
Шу билан бирга, тажрибали ишбилармонларнинг кенгаш ишларига жалб этилиши тизимнинг очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлади. Коррупция ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик, қарор қабул қилишда холисликни таъминлаш айнан шу ёндашув орқали амалга оширилди. Кенгаш аъзоларининг камида 30 фоизи ёш тадбиркорлардан иборат бўлгани эса қўллаб-қувватланаётган лойиҳаларнинг замонавий, инновацион ва рақобатбардош йўналишларга асосланишини кафолатлади.
Февралдаги яна бир ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат — “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга мувофиқ, “Ёшлар бизнеси” дастури изчил амалга оширилди. Дастур доирасида “Бизнесга биринчи қадам”, “Ёшлар учун иш ўринлари”, “Инновацион ёшлар” каби лойиҳалар йўлга қўйилди. Йил якунига келиб, мазкур ташаббуслар ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин эгаллади. Дастур орқали юз минглаб йигит-қиз ўзини иш билан таъминлаш ёки доимий даромад манбаига эга бўлиш имкониятига эришди.
Бу жараёнда “Алоқабанк”нинг “ёшлар банки” сифатида фаолият юритгани ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. Банк ёш тадбиркорлар учун энг яқин молиявий ҳамкор сифатида хизмат қилиб, уларнинг бизнес лойиҳаларини амалга оширишда асосий таянчга айланди. Натижада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар учун қўшимча ўн минглаб иш ўринлари очилди.
Муҳими, 2025 йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш жараёни фақат тайёр бизнес режаларни молиялаштириш билан чекланмади. Ёшларда бизнес режа тузиш, стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш, бозорни таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Йил давомида фаолият бошлаган “Ёш тадбиркорлар” рақамли платформаси орқали онлайн тренинглар ўтказилди, маҳсулот ва хизматлар учун рақамли бозор шакллантирилди, краудфандинг механизмлари жорий этилди.
Ёшларга берилган ишонч ташаббусни, ташаббус эса иқтисодий ҳаракатни пайдо қилди.
Фаолликка таянаётган йўл
2025 йил мамлакат тараққиётида фаолликка таянаётган янги ёндашувлар мустаҳкамланган йил сифатида якунланди. Ўтган йилда чиққан қарорлар, амалга оширилган ислоҳотлар ва белгиланган устувор вазифалар жамиятда ҳаракат, ташаббус ва масъулиятни рағбатлантиришга қаратилди. Ана шу жараёнларнинг мантиқий ифодаси сифатида 19 март куни давлатимиз раҳбарининг кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашуви муҳим сиёсий воқеа сифатида ёдда қолди.
Йил якунларига хос жиҳат шундаки, мазкур учрашувда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар умумий йўналиш сифатида эмас, балки аниқ механизмлар орқали белгилаб берилди. 2025 йилдан кичик бизнес учун 300 миллион сўмгача кредит ажратила бошлаши, шунингдек, фаолияти кенгайиб, кичик ёки ўрта корхонага айланган тадбиркорларга ушбу маблағнинг 150 миллион сўмини гаровсиз тақдим этиш тартиби фаолликни рағбатлантиришда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит бериш амалиёти йўлга қўйилди.
Учрашувда тадбиркорлик фаолиятини тугатиш масаласига ҳам янгича ёндашув билан қаралиши билдирилди. Энди охирги уч йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошмаган ва солиқдан қарзи бўлмаган корхоналарни ихтиёрий тугатишда текширув ўтказилмаслиги белгиланди. Ушбу қарор тадбиркорлар учун ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва янги йўналишни танлаш имкониятини кенгайтирди.
Шу билан бирга, 2028 йил 1 январга қадар қўшимча қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкалари оширилмаслиги ҳамда кичик ва ўрта бизнесга қўшимча талаб ва мажбурият юклайдиган меъёрий ҳужжатлар қабул қилишга уч йиллик мораторий эълон қилиниши тадбиркорлик фаолияти учун барқарор қоидалар шаклланганини кўрсатди. Бу эса йил давомида режалаштириш ва ҳаракат қилиш учун аниқликни таъминлади.
Фермерлар учун чиқарилган қарорлар ҳам йил сарҳисобида алоҳида аҳамиятга эга. Солиқ мажбуриятини ўз вақтида бажара олмагани туфайли йиғилиб қолган 1 триллион сўмлик пеняни ундиришдан воз кечилиши қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун муҳим енгиллик бўлди ва уларнинг кейинги ҳаракатига янги имкониятлар очди.
Мазкур учрашув 2025 йилда қилинган ишларга сарҳисоб бўлиш билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда фаолликка таянаётган йўл узлуксиз давом этишини кўрсатди. Бу йўлда давлат шароит яратади, тадбиркор эса ҳаракат қилади.
2025 йил августда давлатимиз раҳбари Янги Тошкентда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Мазкур учрашув рақамлар билан эмас, балки ҳар бир тадбиркорнинг юртимиз тараққиётидаги ўрни ва мамлакатнинг келажак йўналишлари билан боғлиқ таҳлилий фикрлар билан ёдда қолди. Келгуси ривожланишнинг шиддатини тушуниш учун бу мулоқотни фақат иқтисодий кўрсаткичлар мажмуаси сифатида эмас, балки ижтимоий ва фалсафий контекстда ҳам баҳолаш зарур. Чунки ҳар бир инвестиция, ҳар бир янги корхона нафақат моддий қиймат, балки инсон ва жамиятнинг маънавий ўсиши учун имкониятдир.
Ўтган тўққиз йилда иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари янгидан ташкил этилди. Бу даврда 230 миллиард доллар инвестиция кириб келди. Шундан 120 миллиард доллардан ортиғи хориж сармояси. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатимиз иқтисодиёти 7,2 фоиз ўсди. Бизнес юритишдаги қулайликлар натижасида тадбиркорлар кўпайиб, фаолияти кенгайиб бормоқда. Масалан, 1600 та микрокорхона бир йилда айланмасини 10 миллиард сўмдан ошириб, бирдан ўрта корхонага, 143 таси эса 100 миллиард сўмдан ошириб, йирик корхонага айланди. Яна 122 та кичик корхона йирик бизнес сафига қўшилди.
Бизнесни “соя”дан чиқариш натижасида 139 минг корхонадаги иш ўринлари 811 мингтага кўпайди, 273 мингта корхона иш ҳақи фондини 22 фоиз оширди. 2024 йили хусусий секторда ўртача ойлик 4 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 5 миллион сўмга яқинлашди. Бу кўрсаткичлар иқтисодий фаровонликка эришишда инсон капиталининг аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Илк очиқ мулоқотдан буён тадбиркорларнинг мингга яқин ташаббуси қонунчиликка киритилгани қайд этилди. Ўтган йилги мулоқот бешинчиси бўлди. Унга тайёргарлик давомида 26 йўналишнинг 7000 га яқин вакили билан учрашувлар ўтказилди. “Колл-марказ” орқали ҳам 13 мингдан зиёд мурожаат ва таклиф қабул қилинди. Бу жараён иқтисодий демократиянинг амалий кўриниши бўлиб, давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқот фалсафасини яққол кўрсатади.
Мулоқотда давлатимиз раҳбари тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳам янги ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, қисқа муддатда ва тез даромад берадиган иш ўринлари очишда энг самарадор йўналишлардан бири бўлган хизматлар соҳаси жадал ривожлантирилади. Туризмни ривожлантириш бўйича янги дастур бошланади. Келгуси уч йилда меҳмонхона ва туризм масканлари ташкил қилиш учун жами 5000 гектар ер аукционга чиқарилади. Бунда меҳмонхона қурмоқчи бўлган тадбиркорлардан ерларни сотиб олиш учун тўлов ундирилмайди. Эвазига давлат шу сумма билан лойиҳага улушдор бўлиб киради.
Тадбиркорлар 10 йил ичида исталган пайтда бу улушни қайта сотиб олиши мумкин. Агар тадбиркор ер қийматини бошида тўлайман деса, 20 фоиз чегирма берилади. Меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан кредит ажратилади. Бу тадбиркорликни рағбатлантириш орқали ижтимоий ва иқтисодий жараёнларни уйғунлаштиришнинг аниқ механизмидир.
Шунингдек, маҳаллий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ўртасида танловлар ўтказилиши ва мукофотлар билан рағбатлантирилиши бизнесда рақобат ва сифатни оширишга хизмат қилади.
Бизнес вакилларида қўшимча жой олишга эҳтиёж борлигига қарамай, давлат активлари ижарага берилиши, солиқ ва молиявий қўллаб-қувватлаш тизимлари такомиллаштирилиши, ёш тадбиркорлар учун стартапларни қўллаб-қувватлаш чоралари, “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили ва инвестиция кодекси каби ислоҳотлар иқтисодий фаолликни янги босқичга олиб чиқади. Бу жараёнда асосий эътибор инсонга, унинг ташаббуси ва ижтимоий масъулиятига қаратилган.
Жамиятнинг ривожланиши ва иқтисодиётнинг барқарорлиги фақат моддий кўрсаткичлар орқали баҳоланмайди. Бу мулоқот ҳар бир тадбиркор ва ҳар бир инвестиция ортида жамиятга, инсон қадр-қимматига, билим ва технологияларга инвестиция борлигини кўрсатди. Шу боис, Президентимизнинг тадбиркорликни рағбатлантириш стратегияси иқтисодиётни фақат рақамларда эмас, балки инсон ҳаёти сифатида ҳам таҳлил қилишга имкон беради.
Мулоқот давомида марказий ва ҳудудий студиялардан қатнашган тадбиркорлар ўз мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Муаммолар муҳокама қилиниб, улар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди. Бу жараён очиқлик, ҳамкорлик ва замонавий иқтисодий фалсафанинг уйғунлашган намунаси сифатида тарихга кирди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инвестиция муҳитини яхшилаш нафақат иқтисодий стратегия, балки жамиятнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш воситаси сифатида ҳам кўринади. Ҳар бир тадбиркор фақат бизнес билан шуғулланмай, ўз ғояси, ташаббуси ва иқтидори орқали келажакни барпо этади.
Ишонч ва эркинлик муҳитида тадбиркор ҳар бир ғояси учун масъул бўлади, аммо бу масъулият ижтимоий ва иқтисодий тараққиётга хизмат қилади. Бизнес, таълим, соғлиқни сақлаш ва инновация соҳаларидаги ислоҳотлар эса фақат иқтисодий натижа эмас, балки инсон потенциали ва ижтимоий ҳаёт сифати учун ҳам муҳим қадам.
Тадбиркорлик фақат даромад топиш воситаси эмас, балки интеллектуал ва маънавий янгиланиш, инновация ва ижтимоий масъулият уйғунлигини намоён этадиган жараёндир. Ҳар бир стартап, ҳар бир янги лойиҳа ва ҳар бир инновация бу — мамлакатнинг келажакка ишончи ва салоҳиятининг кўриниши. Шу тариқа тадбиркорлик ва давлатнинг қўллаб-қувватлови биргаликда барқарор, самарали ва инсоний тараққиёт йўлидаги муҳим фалсафий пойдеворга айланади.
Умуман олганда, давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик, очиқ мулоқот ва инновацион ислоҳотлар нафақат иқтисодий тармоқларнинг ўсишига, балки жамиятдаги фаол, масъулиятли ва ташаббускор инсонлар авлодини тарбиялашга хизмат қилаётгани англашилмоқда. Шундай қилиб, тадбиркорлик фақат пул ва маҳсулот орқали эмас, балки ҳар бир инсоннинг ғояси, интилиши ва ижтимоий ҳисси орқали ҳам ривожланади.
2025 йил бизга яна бир маррани кўрсатди: иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши — рақамлар ва ҳисоботлардан ташқари, инсон руҳи ва ижтимоий муносабатлар билан уйғунлашганда ҳақиқий маънога эга бўлади. Шу билан бирга, келгуси йилларга қаратилган янги стратегиялар ва инвестиция ташаббуслари тараққиёт пойдеворини мустаҳкамлайди.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири