Бу ва бошқа бир қатор саволлар рейтинг учун зарур бўлган маълумотларни олиш имконини берадиган анкетага киритилган. Мазкур рейтингда чакана савдо объектлари (дўконлар, савдо мажмуалари, автосалонлар, заргарлик дўконлари ва бошқалар) ҳамда умумий овқатланиш объектлари (кафе, бистро, ресторан ва бошқалар) иштирок этади, дея хабар беради Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги.
Таъкидланишича, биринчи босқичда иштирокчи томонидан анкета-сўровнома тўлдирилади ва бу маълумотлар Агентлик томонидан ўрганиб чиқилади. Ҳар бир банд учун тегишли балл берилади. Кейинги босқичда истеъмолчиларга иштирокчиларни баҳолаш таклиф этилади, бу очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Икки босқич натижаларига кўра тўпланган баллар жамланади ва иштирокчиларнинг рейтингдаги ўрни аниқланади.
Рейтинг доимий асосда шакллантирилади ва Агентлик расмий веб-сайтида жойлаштирилиб борилади (https://consumer.uz/).
Мазкур рейтинг ўз фаолиятида истеъмолчилар ҳуқуқларини устувор ҳисоблаган тадбиркорлик субъектлари ишини баҳолашнинг тўғри ва сифатли йўли бўлиб хизмат қилади.
Маълумотда келтирилишича, Агентлик томонидан 2020 йили 21,4 минг мурожаат кўриб чиқилган. 4 миллион истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди. 54,7 млрд сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчиларга қопланди. 2021 йилнинг ўтган 4 ойида Агентлик 11 мингдан ортиқ мурожаатларни кўриб чиқиб, 2,8 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди ва 53,3 млрд сўмдан ортиқ маблағ қопланди.
2020 йилда Korzinka супермаркетлар тармоғининг фаолияти юзасидан дастлаб 19 та, 2021 йилнинг 4 ойида – 15 та шикоят тушган. Ўтган йилда 12 та ва бу йилда тушган 14 та шикоят Makro тармоғига тегишли бўлса, HAVAS тармоғи бўйича эса ўтган йилда 7 та ва жорий йилда эса 3 та шикоят қилинган. Тадбиркорларнинг масъулиятини ошириш ва истеъмолчиларга холис баҳо бериш бўйича ишларни давом эттириш учун Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар рейтингини жорий этмоқда.