Айни кунларда Фарғона вилоятида жами 81 минг 986 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатади. Уларнинг 25 мингдан ортиғи якка тартибдаги тадбиркорлар, 56 минг 658 таси юридик кўринишга эга тадбиркорлар ҳамда 294 таси хорижий корхоналар ҳисобланади.
Давлат хизматлари марказлари тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказувчи ягона ваколатли ташкилот. Иш жараёнларида марказларда бир кунда юзлаб тадбиркорлик субъектларига расмий мақом берилади, мулкий-ҳуқуқий муносабатлар рўй беради, қайта рўйхатдан ўтказилади.
Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси ташаббуси билан давлат хизматчилари учун «Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш масалалари» мавзусида онлайн ўқув семинар ташкил этилди.
Онлайн семинар давомида янги очилган юридик субъектларга ном беришдан тортиб, мулкий муносабатлар, улушлар, МЧЖ ларини ташкил этиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, ҳужжатларни қабул қилиш ва эътибор берилиши керак бўлган муҳим жиҳатлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Фарғона вилоятидаги барча туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари томонидан 2019-2020 йилларда қайта рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларнинг ҳужжатлари Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали тўлиқ қайта ўрганиб чиқилган.
ДХА Фарғона вилояти бошқармаси матбуот хизмати.