Натижада пандемиядан зарар кўрган 104 мингдан ортиқ корхоналар фаолияти тикланиб, хусусий корхоналар пул айланмаси ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ўсган. Жорий йил биринчи чорагида 27 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.

Йиғилишда шунга қарамасдан айрим ҳудуд ва сектор раҳбарлари яратилган бу имкониятлардан ҳалигача тўлиқ фойдалана олмаётгани танқид қилинди.

– Бу – вилоят, туман (шаҳар) раҳбарлари жойларда кичик бизнес вакиллари билан етарли даражада мулоқот қилмаётганидан далолат беради, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис, Президентимиз сектор раҳбарлари туманда кичик бизнес вакиллари билан ҳар ҳафта учрашиб, ер, инфратузилма, кредит каби энг муҳим масалаларни ҳал этиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Эндиликда туман, шаҳар ҳокимлари сектор раҳбарлари билан бирга ҳар куни тадбиркорлар билан учрашиб, муаммоларини ҳал қилишга киришади.

Вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқот қилиш ва муаммоларини ҳал этиш фаолияти таҳлил қилиниб, қандай ишлаётгани бўйича ҳар ойда Президент Администрациясига ахборот киритилади.

Ҳудудларда тадбиркорлар билан ишлаш бўйича ижобий тажрибалар умумлаштирилиб, ҳар чоракда ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, сектор ва банк раҳбарларини рағбатлантириш тизими жорий қилинади.