Чемпионатда иштирокчилар таэквондо  ITFнинг шахсий массоги, жамоавий массоги ва шахсий тул йўналишлари бўйича ўзаро баҳслашди. Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон таэквондо  ITF миллий ассоциацияси ташаббуси билан ўтказилган мазкур мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан 1 минг 500 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун курашди.

Мусобақада терма жамоа аъзолари яна бир маротаба кўрикдан ўтказилиб, шу йил 1-5 июн кунлари Италиянинг Сардиния оролида ўтказилиши режалаштирилган Жаҳон чемпионати учун энг муносиб спортчилар саралаб олинди.

Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими юқори савияда ташкил этилиб, унда Миллий гвардия аскарлари томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди. Тадбирда Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этди. Ўз навбатида, тадбир доирасида Ўзбекистон таэквондо  ITF миллий ассоциацияси раҳбарияти томонидан юртимизда ушбу спорт турини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ масъуллар муносиб рағбатлантирилди.

Икки кун давом этган қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Тошкент вилояти жамоасига насиб этди. Тошкент шаҳри вакиллари эса 2-ўринга сазовор бўлди. Кейинги ўринлардан Бухоро ҳамда Сирдарё вилояти ёш таэквондочилари жой олди.

Эслатиб ўтамиз, 10-15 май кунлари миллий терма жамоа аъзолари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро мусобақада тўлиқ таркиб билан иштирок этади.