1990 йили ЎзМУ (аввалги ТошДУ)нинг журналистика факультетини тугатганимдан буён 31 йилдирки, матбуот соҳасида меҳнат қиламан. Ўйлаб кўрсам, газетчиликка меҳрим тушганига қирқ йилга яқинлашиб қолибди. Сабаби, газета ўқиш, ижодкор тенгдошларимиз сингари тез-тез матбуотда иштирок этиб туришга қизиқиш 6-7 синфда ўқиб юрган кезларимдан бошланган. Ўшанда илк бор Сурхондарёдаги туман, вилоят газеталарига, кейинчалик “Гулхан”, “Тонг юлдузи” каби нашрларга хат-хабарлар ёзиб турар эдим.

Бугун ўзим каби ана шундай ҳаваскор ёшларни кўрсам кўзим қувнайди. Уларга қарата шундай дегим келади: “Сизлар биздан-да истеъдодли, бахтлисиз. Бугунги Ўзбекистон — янги Ўзбекистон. Улуғ ва эзгу мақсадларни олдига қўйган. Президентимиз ёшларга, китобхонликка, спортга, маънавият-маърифатга, илм-фанга жуда катта эътибор қаратмоқда. Нима учун? Чунки порлоқ эртамиз ана шу омилларга боғлиқ. Президентимиз ҳар бир маҳалла, қишлоқ обод бўлсин, деб жон куйдирмоқда. Зеро, ҳар бир юртдошимизнинг бугуни ва эртаси, келажаги тўкис, фаровон бўлиши, Ўзбекистон жаҳондаги энг тараққий этган давлатлар билан бўйлаша олиши ва қудрати янада ошиши, бу улуғ мақсадимизнинг муддаосидир”.   

Муаллим ва муҳаррир миллатнинг икки кўзидир, дея нақл қилган эди Беҳбудий бобомиз. Чунки жадид боболаримиз эрк ва истиқлол, адолат ва ҳақиқат йўлини, унга эришиш сўқмоғини таълим ва матбуотдагина кўришган ва шу асос, фикр бўйича ҳаракат қилишган. Таълиимни юксалтириб, ахоли маънавияти, илм-фанини ривожлантириш, матбуот орқали эса эркка, хурликка эришишни ният қилишган эди.

Юртимизда кейинги тўрт йилда юз берган ўзгаришларни кузатиб туриб, Президентимизнинг олиб бораётган изчил сиёсатлари билан ана шундай улуғлик, жонкуярликнинг ҳамоҳанг эканлигига гувоҳ бўламиз.

“Битта нарсани билиб қўйинглар, бу очиқлик ҳеч қачон орқага қайтмайди”, деди давлатимиз раҳбари. Бу матбуот аҳлига куч, ишонч бермоқда. Мен бугун бир журналист сифатида аввало ўзимга, қолаверса, ҳамкасбларимга, чоп этган ҳар бир сатримиз, айтаётган ҳар бир сўзимиз халқимизга, жамиятимизга фақат эзгулик ва кўтаринки кайфият олиб келсин, деб тилак билдиргим келади. Хабар етказиш ва сенсация ўз йўлига. Зеро, юксак маънавият, чуқур таҳлил ва гўзал бадиият миллий журналистикамизнинг доим бош мезонлари бўлиб келган. Айниқса, бугун бутун дунё миқёсида ахборот хуружлари авжга чиққан паллада журналистика соҳаси олдидаги масъулият бир неча баробарга ошиши ҳар бир журналистдан ғоят ҳушёрлик, касбига содиқликни талаб этади. Минг шукрки, орамизда мана шундай журналистларимиз кўплаб топилади.

Бугун мен каби кўплаб ҳамкасларим масъулиятли касби шарофатидан ифтихор, ғурур туйиб тургани аниқ. Зеро, ўзим ҳам ғоят ҳаяжондаман. Президентимиз, хукуматимиз томонидан билдирилган юксак рағбат, эътирофдан бениҳоя хурсандман.

Албатта, “ширин азоб”, “фидойилик” деб нисбат бериладиган ижодий жараён осон иш эмас. Ёзиш қийин, яхши ёзиш эса янада қийин. Журналистнинг фидойилигини ва меҳнатини қадрлаётган, матбуот аҳлига таянч бўлаётган Президентимизга ташаккур!

Абдирасул ЖУМАҚУЛОВ,

“Ҳуррият” мустақил газетаси бош муҳаррири,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби