Тадбир “Танқидий фикрлаш ва факт чекинг” мавзусида очиқ дарс шаклида ўтказилди. Ташкилотчилар ўз олдиларига талабаларни иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар ва уларнинг инсоният учун оқибатлари билан таништириш вазифасини қўйдилар.
“Охирги бир неча йилларда медиамаконда иқлим ўзгариши фан томонидан тасдиқланмаган, деган ёлғон даъволарни ўз ичига олган ва тўсиқсиз айланаётган постлар ва мақолалар сони кўпайди. Бундай материалларнинг муаллифлари тингловчиларнинг танқидий фикрлаш даражаси етарли эмаслигидан фойдаланишади. Шу сабабли, журналист-талабалар ёлғонларни фош қилиш ва маълумотни тўғри тақдим этиш учун иқлим ўзгариши жараёнлари ва уларнинг оқибатларидан хабардор бўлишлари муҳим", – деди университет ўқитувчиси, журналист Лола Исламова.
1950-йиллардан бери кўплаб мисли кўрилмаган иқлим ўзгаришлари кузатилмоқда. Атмосфера исиши ва океанлар ҳарорати кўтарилиши содир бўлди, қор ва музлар захиралари камайди, иссиқхона газлари чиқиндилари кўпайди. Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (БМТ) маълумотларига кўра, 2014-йилдан бери ҳар бир кейинги йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил,деб эълон қилинган. Ўтган аср давомидаги атмосфера таркибининг ўзгариши атроф-муҳитга антропоген таъсирнинг оқибати бўлган иссиқхона газлари консентрациясининг тез ўсишидан далолат беради.
"Кенг аудиторияга тақдим этиладиган маълумотларнинг сифати журналистларга боғлиқ. Менинг олдимда иқлим ўзгариши ҳақида илмий тадқиқотларга асосланган ҳолда оддий шаклда сўзлаб бериш ва аудиторияни қизиқтириш каби қийин вазифа турган эди", - дейди БМТТД лойиҳасининг иқлим ўзгариши бўйича эксперти Людмила Шартакова.
"Мен қорақалпоғистонликман ва иқлим ўзгариши инсонлар ҳаётига қандай таъсир қилишини бевосита биламан. Ўзбекистон БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича Доиравий конвенсиясининг Париж битимини имзолагани ва ратификация қилганини, унда иссиқхона чиқиндиларини камайтириш ҳақидаги муҳим бандлар билан бир қаторда, таълим, ходимларни тайёрлаш, ахборотлаштиришга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида фикрлар мавжуд эканлигини билишдан хурсанд бўлдим. Иқлим ўзгаришига қарши курашга ўз ҳиссамни қўшишга қатъий қарор қилганман”, — деди, учрашув ҳақидаги ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, журналистика университети 1-босқич талабаси Алия Абдугалиева.
Талабаларнинг иқлим бўйича экспертлар билан учрашуви БМТТДнинг Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизматлари маркази (Ўзгидромет) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Марказий Осиёда иқлим хавфсизлигини таъминлаш бўйича сиёсий ҳаракатлар – II босқич” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.