Хусусан, мавжуд талабалар тураржойларидаги яшаш шароитини яхшилаш, талабаларни арзон тураржойлар билан таъминлаш учун ётоқхоналарда икки қаватли кароватлар ўрнатилмоқда, зарурий маиший ва техник воситалар янгиланмоқда.

Ҳозир Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 6 та талабалар тураржойи мавжуд. Умумий ҳисобда уларда 1200 га яқин ўрин мавжуд бўлган бўлса, бугун икки қаватли ётоқжойлар ташкил этилгани сабабли, ўринлар сони 1600 дан ошди. Бу эса, ўз навбатида, ёшларнинг керакли маиший ва техник воситаларга талабини кучайтирди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Юсуф Абсоатов ва ТДПУ ректори Алишер Умаров Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Муқимий кўчасида жойлашган 7-талабалар тураржойида бўлди. Вазир ўринбосари ва ректор талабалар учун мавжуд имкониятлар ва уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди.

Вазир ўринбосари талабалар тураржойида жойлашган спортзал, ошхона, ювиниш, дам олиш, компьютер хоналари ва кутубхоналар фаолияти билан ҳам танишди.

Учрашув давомида вазирлик ва университет томонидан талабалар тураржойига 60 та музлаткич, 20 та кир ювиш машинаси ва 40 та дазмол совға қилинди, дейилади университет ахборот хизмати хабарида.