Жумладан, олий таълим тизимида коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, олий таълим муассасаларини тажрибали, ҳалол, пок виждонли, масъулиятли профессор-ўқитувчи ва ходимлардан шакллантириб, уларнинг вазифаларини аниқ белгилаб бериш, вазирлик ҳамда олий таълим муассасалари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш каби фаолиятнинг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган.

Мазкур йўналишда қатор ижобий ишлар олиб борилаётганига қарамай, амалиётда салбий ҳолатлар ҳам учраб турибди. Масалан, Бухоро давлат университети ўқитувчисининг талабадан моддий кўринишдаги совға олиш билан боғлиқ холат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирига сўров хати юборди.

Унда вазирдан олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш «комплаенс назорат» (compliance control) тизимини жорий этиш ва унинг самарадорлигини мониторинг қилиш борасида амалга оширилаётган аниқ ишлар, шу жумладан, тизимда ходимларнинг совға тариқасида олиши мумкин бўлган қимматликлар чеклови ва бошқа одоб-аҳлоқ қоидаларини назарда тутувчи норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилганлиги ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотни, шунингдек, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тақдим этиш сўралди.