Давлатимиз раҳбари 2021 йил 29 сентябрь куни Андижон вилоятига ташрифи давомида институтимиз клиникаси билан танишгани олий таълим муассасамиз ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Ўша ташрифда клиникамизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга оид зарур тавсия ва топшириқлар берилди.
Институтимиз клиникаси 1975 йили қурилган бўлиб, шу кунгача қисман жорий таъмирлаш ишлари бажарилган эди. Ваҳоланки, йилига ўртача тўқсон мингдан ортиқ юртдошимиз мурожаат қиладиган, ўттиз мингдан зиёд бемор стационар тарзда даволанадиган тиббиёт муассасаси учун бу етарли эмас. Қолаверса, Андижон давлат тиббиёт институти талабалари ҳам амалий машғулотларни шу ерда ўтайди.
Давлатимиз раҳбари бунинг учун клиникада шароит етарли эмаслиги, ҳақиқатан, бинолар эскириб, таъмирталаб бўлиб қолганини таъкидлади. Клиникани тўлиқ реконструкция қилиб, унинг негизида водий аҳолиси учун кардиология, нейрохирургия, кўз касалликлари ва урология бўйича мураккаб операциялар ўтказиладиган тиббиёт марказини ташкил этишга кўрсатма берди.
Президентимиз институт профессор-ўқитувчилари билан суҳбатда “Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун, энг аввало, одамларнинг саломатлиги ва яшаш шароитини яхшилашимиз керак. Институт ва клиника бу борада катта марказлардан бири бўла олади. Бунинг учун зарур шароитларни яратамиз. Фақат таълим методикасини янгилаш, дунё тиббиётида қўлланаётган илғор услубларни татбиқ этиш керак”, деди.
Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 ноябрдаги “Андижон давлат тиббиёт институти ва унинг клиникаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, институт клиникасида мамлакатимизнинг қатор ихтисослаштирилган нуфузли тиббиёт марказлари филиаллари фаолият бошлаши белгиланди.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган хирургия, кардиология, нейрохирургия, урология, нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказларининг тегишли йўналишлари бўйича юридик шахс бўлмаган филиаллар ташкил этиш ҳамда юқори технологик диагностика ва даволаш усулларини жорий этишга кўрсатма берилди.
Шу билан бирга, Андижон вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш борасида бажариладиган ишлар юзасидан аҳолиси кўп ҳудудларда тиббий кўриклар ўтказилиб, касаллик турлари бўйича даволашнинг янги услубларини амалиётга жорий қилиш вазифаси қўйилди. Бу вазифалар ижроси доирасида амалий-услубий ёрдам сифатини ошириш ҳамда беморларни ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш учун вилоятдаги 160 та бирламчи даволаш муассасасига институтимизнинг 132 нафар профессор-ўқитувчиси масъул этиб бириктирилди.
Битирувчи курс талабалари амалиётини бевосита бирламчи тизимда йўлга қўйиш мақсадида вилоятдаги 160 та тиббиёт муассасасида ўқув хоналари ташкил этилди. Онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш бўйича вилоятнинг 17 та шаҳар ва туманига институтимизнинг онколог ва гематолог мутахассислари масъул этиб бириктирилди.
Улар ишлаб чиққан махсус ўқув дастури асосида жойлардаги онколог ва гематологлар малакаси оширилди. “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун” саломатлик акциясида мутахассисларимиз фаол иштирок этди. Жараёнда жарроҳликка муҳтож 154 беморнинг операцияси ўтказилди. Яъни шунча хонадонга умид, ишонч, қувонч қайтди. Шунча одамда ҳаётини соғлом давом эттириш имконияти пайдо бўлди. Бу каби тадбирлар биргина вилоят доирасида эмас, бошқа ҳудудларда ҳам ўтказиляпти.
Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институтининг 6 нафар малакали ходими 24 мартдан 3 апрелгача Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманига аҳоли саломатлигини ва тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида сафарбар қилинди. Сафар давомида улар 784 беморни тиббий кўрикдан ўтказди. Жарроҳлик амалиётига муҳтож 27 беморни операция қилди.
Институтимизда Покистон, Ҳиндистон, Хитой ва Африка давлатларидан келган 343 талаба таълим олаётгани боис, асосий штатдаги 753 профессор-ўқитувчи барча дарсларни замонавий стандартларга мувофиқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ташкилотлар маъқуллаган ўқув модуллари асосида ўтмоқда. Ушбу жараённи юқори даражада ташкил қилишда институт ва кафедралар ўртасида электрон алоқа ўрнатилгани, ҳужжатлар алмашинуви яхши йўлга қўйилгани жуда қўл келмоқда.
Жаҳонда шиддат билан кечаётган глобаллашув, таълим, техника ва технологияларнинг кескин ривожи, дунё ҳамжамияти билан алоқаларнинг чуқурлашуви ёшларни кўпроқ хорижий тилларни ўрганишга ундамоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг чет тилини пухта ўрганиши ҳамда компьютер ва интернетдан эркин фойдаланишини таъминлаш бўйича ҳар йили икки марта малака ошириш курси ташкил этилмоқда. Чет эллик олимлар билан телекўприк орқали давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Мутахассисларимиз хорижнинг ўндан зиёд тиббиёт академия си профессор-ўқитувчилари кўмагида масофавий малака оширмоқда. Талабалар учун яратилаётган шарт-шароитлар, уларнинг билим олишга интилишини кўриб, ишонч билан айта оламизки, Андижон давлат тиббиёт институтидан етишиб чиқаётган мутахассислар Янги Ўзбекистонни барпо этувчилар сафида фаол бўла олади.
Битирувчи курс талабалари учун ўқув жараёни институтнинг умумий амалиёт шифокорлари малакасини ошириш кафедрасида ташкил этилган қишлоқ оилавий тиббиёт пункти, қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиника моделларида олиб борилиши таъминланди. Ҳам назарий, ҳам амалий дарсларни вақтида ўзлаштираётган ёшлар оилавий шифокор сифатида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Бу ташаббус Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам қўллаб-қувватланди. Бундан ҳам ўқиб, ҳам даромад топаётган талабаларимиз қатори уларнинг ота-оналари, айниқса, бемор юртдошларимиз жуда миннатдор. Президентимиз раислигида шу йил 4 март куни олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида институтимиз битирувчиларининг ўз яшаш ҳудудида ишлаши учун кўмаклашганимиз зое кетмади.
Бу йил институтни тамомлаган 969 талабадан 749 нафари иш билан таъминланди. Бунда уларнинг битирувчи курс амалиётини яшаш ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида ўтаб, оила шифокори сифатида иш бошлагани ёрдам берди. Айни пайтда уларнинг бари ушбу тиббиёт муассасаларида фаол иятини давом эттирмоқда. Талабаларни иш билан таъминлаш ҳаракатини шу билан тўхтатганимиз йўқ.
Ҳозир Андижон вилоятида яшовчи битирувчи талабаларимиздан 249 нафари меҳнат шартномаси асосида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига қарашли бирламчи тиббий санитария ёрдами, тез тиббий ёрдам муассасалари ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман (шаҳар) бўлимларига ишга жойлаштирилди. 2022/2023 ўқув йилида магистратура ва клиник ординатура йўналишларида таҳсил олаётган битирувчилардан 245 нафари мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди ва тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари ҳамда институтнинг масъул профессор-ўқитувчиларига устоз-шогирд тизими асосида бириктирилди.
Водийда ягона, мамлакатимизда ўз нуфузига эга тиббиёт институтимизда айни вақтда таълим олаётган 8702 нафар йигит-қиз юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом инсонлар сафини кенгайтириш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни тарғиб этиш каби эзгу ишларни рўёбга чиқаришни мақсад қилган.