Маълумки, ҳозирги пандемия даврида айрим олий таълим муассасаларининг талабалар турар жойларида хорижий талабалар истиқомат қилмоқда. Тошкент давлат педагогика университетининг 10-сонли талабалар турар жойида 27 нафар хорижий талабалар истиқомат қилмоқда. Бу талабалар учун ҳар куни соат 10.00дан 16.00гача шифокор кўриги ташкил этилган. Хорижий талабалар ҳам университет томонидан ташкил этилган онлайн машғулотларда иштирок этиб келмоқдалар.

Бўш вақт бу имконият, ундан самарали фойдаланиш лозим. Айниқса, пандемия даврида бу муҳим. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ёзги таътил ва пандемия даврида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ўзига хос маънавий-маърифий, спорт соғломлаштириш онлайн лойиҳаларини бошлади. Бунда нафақат университет талабалари, балки республикамиздаги барча ёшлар масофавий иштирок этишлари мумкин.

Ташкил этилаётган лойиҳалар ёшларнинг жисмоний, ижодий, психологик, илмий ва ақлий жиҳатдан етук бўлишларига замин яратмоқда. Хусусан, инсоннинг жисмоний тетик ва соғлом бўлиши учун маҳоратли тренер ва мутахассислар томонидан ҳар куни эрталабки бадантарбия машғулотлари ташкил этилмоқда. Фитнес машғулотлари, ҳарбий тайёргарлик жисмоний машқлари, профилактика учун нафас олиш машқлари, йога машғулотлари, спорт гимнастикаси, ҳалқа (обруч) ёки арқон ёрдамидаги жисмоний машқлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, инглиз тилидан IELTS курсларига тайёргарлик бўйича ҳам онлайн дарслар ташкил этилган. Ушбу курсларга нафақат ўзбек ёшларининг балки университетда таҳсил олаётган хорижий талабаларнинг ҳам қизиқишлари катта. Маълумки, ҳозирги пандемия даврида айрим олий таълим муассасаларининг талабалар турар жойларида хорижий талабалар истиқомат қилмоқда. Тошкент давлат педагогика университетининг 10-сонли талабалар турар жойида 27 нафар хорижий талабалар истиқомат қилмоқда. Бу талабалар учун ҳар куни соат 10.00дан 16.00гача шифокор кўриги ташкил этилган. Хорижий талабалар ҳам университет томонидан ташкил этилган онлайн машғулотларда иштирок этиб келмоқдалар.

Ёшларнинг ижодий қизиқишларини инобатга олган ҳолда “тасвирий ва амалий санъат бўйича талабалар турар жойи ёшлари учун масофа сақлаган ҳолда ҳамда бошқа ҳудудлардаги талабалар учун онлайн тарзда маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Булар билан биргаликда, психологик тренинглар ҳам мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, “Стрессни бошқариш”, “Ёшларда лидерликни шакллантириш”, “Ижобий мотивацияни шакллантириш усуллари” бўйича етук психологлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилмоқда.

 Шу билан бирга бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган “COVID-19 га қарши курашиш бўйича тиббий-профилактик онлайн тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги Коронавирусга қарши кураш штаби ҳамда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан ҳамкорлигида ўтказилди.

Яқинда университет ректори Алишер Умаров талабалар билан онлайн мулоқот ўтказди. Ушбу учрашувда янги ўқув йилига тайёргарлик масаласида ёшлардан таклифлар олиниб, бунда университетда изланувчан, илмга чанқоқ талаба-ёшлар учун илмий мақолалар тайёрлаш бўйича семинар-тренинглар ташкил этиш масаласи кўтарилган эди. Шунга асосан, ҳозирда университетнинг етук олимлари, профессорлар томонидан илмий мақола ва тезислар ёзиш тартиби, антиплагиатга изоҳ, плагиатга текшириш  методологияси бўйича семинар-тренинглар ташкил этилиб келинмоқда. Тақдимот тарзида ташкил этилаётган ушбу семинар-тренинглар барча босқичдаги талаба-ёшлар учун мўлжалланган бўлиб, талабалар ўзлари учун зарурий тавсиялар ва маълумотларга эга бўлмоқдалар.