Аввал хабар берилганидек, Тошкент тиббиёт академияси неврология ва тиббий психология кафедрасида неврология фани бўйича халқаро олимпиада ўтказилмоқда.

Беллашувда юртимиздаги тиббиёт олий таълим муассасалари билан бирга чет эл ОТМлари ҳам иштирок этмоқда. Олимпиада тафсилотлари ҳақида Тошкент тиббиёт академияси неврология ва тиббий психология кафедраси профессори Марҳамат Яқубова бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

— 2017 йилдан бери неврология фани бўйича олимпиада ўтказамиз. Бу йил олтинчи марта ташкил этилди. Савол туғилиши мумкин: бу йилги беллашув аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади?

Ушбу олимпиада халқаро мақомга эга. Бошқирд давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда тайёрланган. Бундан ташқари, жорий йилда олимпиадада иштирок этиш учун 125 нафардан ортиқ номзод ариза топширган бўлиб, бу аввалги олимпиадаларга нисбатан рекорд кўрсаткичдир. Талабаларнинг ўқув муассасаси географияси турлича. Улар Россия ва Марказий Осиё университетларида таҳсил олади.

Академиямизга келсак, талабаларимизнинг неврология фанига қизиқиши ортиб бораётганини кўрамиз. Уларнинг кўпи фаолиятини невропатология мутахассислиги билан боғлашни хоҳлайди. Бунинг учун биз академияда барча шароитлар яратилган. 2010 йилдан буён кафедрамиз қошида “Ёш неврологлар мактаби” фаолият юритмоқда.

Ўтган даврда мазкур тўгаракка қатнаган кўплаб йигит-қизлар турли олимпиадалар, ёш олимлар анжуманларида фаол иштирок этиб, фахрий ўринларга сазовор бўлди. Шунингдек, уларнинг кўпи магистратура, клиник ординатура ва докторантурада ўқишни давом этиб, докторлик диссертациясини ёқлаган.

Ҳозирги олимпиадамиз уч босқичдан иборат. 1-босқичда тест синови ўтказилади. 2-босқичда вазиятли топшириқлар ва амалий кўникмалар топшириғи берилади. 3-босқичда иштирокчилар флеш саволларга жавоб топиши керак. Энг юқори балл олган талабалар 1–3-даражали дипломлар билан тақдирланади, қолганларга сертификатлар тақдим этилади. Ўйлайманки, бундай тадбирлар талабаларни билимини синаб кўриш, кучли ва заиф томонларини аниқлаш, ўз устида ишлашга ундайди. Натижада жамият юқори малакали невропатолог шифокорларга эга бўлади.

Тошкент тиббиёт академияси ахборот хизмати

раҳбари Гулчеҳра МИРЗАЕВА ёзиб олди.